Бу йилги Бароат кечаси милодий 17 март пайшанбадан 18 март жумага ўтар кечасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хабар қилди.
Маълум қилинишича, бароат кечасини зикр, дуо ва турли ибодатлар билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардан саналади. Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади.






