Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда Ўзбекистон бўйлаб ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш жараёнларида навбатлар юзага келмоқда. Хўш, белгиланган муддатда ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаса, муддати ўтиб кетса нима бўлади? Бу саволга АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХ ахборот хизмати бошлиғи Азизхон Муродов жавоб берди.
"Кўпгина фуқароларимиз томонидан саволлар келиб тушяпти, муддати ўтиб кетганидан кейин нима бўлади? Транспорт воситасини бошқарсам бўладими ёки бўлмайдими? Маълумки, қарорда ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 31 мартгача деб белгиланган. Бу фақат эски намунадаги хайдовчилик гувоҳномасини берилган муддати 2010 йилгача олинганларга таъсир қилади. Агар 2010 йилгача олганлар 31 мартгача алмаштирмаса, бу гувоҳнома 1 апрелдан ҳақиқий ҳисобланмайди. Мисол учун, муддати ўтгандан кейин ҳам фуқаролар транспорт воситасини бошқарадиган бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳисобланади. Бунда йўл патрул хизмати инспекторлари томонидан тўҳтатиладиган бўлса ёки бирор бир қоидабузарлик содир этган бўлса, улар ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситасини бошқарган ҳисобланади ва тегишли тартибда ҳайдовчиларга нисбатан чора кўрилади. Фуқароларимиз имкон даражасида белгиланган муддатларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирсалар мақсадга муофиқ бўлади. Агар паспорт билан вақтинча бошқариб турсам ҳам бўладими, дейдиган бўлсалар, бу ҳам мумкин эмас. Шу сабабли эски нусхадагисини алмаштирмагунларигача транспорт воситаларини бошқармай туришлари лозим бўлади", - дея изоҳ берди Азизхон Муродов.
Яъни маълум қилинимшича, агар фуқаро 31 мартгача ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришга улгурмаса у 1 апрелдан ҳам имтиҳонларсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини янги нусхадагисига алмаштириши мумкин. Бироқ, бу даврда машина бошқара олмайди.
Шунингдек, брифингда жорий йилнинг 31 мартигача алмаштиришга улгурмаган, аммо 12 ой давомида транспорт воситасини бошқармаганлар ҳолати бўйича ҳам тушунтириш берилди.
— Жорий йилнинг 31 мартигача алмаштиришга улгурмади, аммо 12 ой давомида транспорт воситасини бошқармаган бўлса ва кейинги йил ҳам ҳудди шу санада алмаштирмаса қайта имтиҳон топшириб мазкур гувоҳномани олади. Имтиҳон топширади деганимизнинг сабаби эса бугунги кунда турли хил қоидаларга, йўл белгиларида ўзгаришлар бўлмоқда, 12 ой давомида машина бошқармаганда кўп қоидаларни унутиши ҳамда янги йўл белгиларини билмаслиги мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда яъни билимларини қайта текшириб олинади.
Маълумот учун: эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:
● 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
● 2010–2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
● 2013–2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.
Мафтуна Жўраева






