Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида сўзга чиққан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дарё" мухбири.
– Россияга ғарб давлатлари томонидан жорий этилган чеклов чоралари — санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир қиляпти. Ҳозирда мамлакатимизни бундай санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган ва уларнинг салбий таъсирининг олдини оладиган чора-тадбирларни амалга ошириш биз учун муҳим аҳамият касб этади, — деди вазир.
Абдулазиз Комилов, шунингдек, Украинадаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишлари ҳақида гапириб, бу борада Польша давлати катта ёрдам берганини қайд этиб ўтган.
Вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда Украинадаги ватандошларимизнинг 6 мингга яқини олиб келинган. Яна 300 га яқини Украинада бўлиб турибди.
– Улар билан мулоқотдамиз, ёрдам беряпмиз. Битта мураккаб масала — хавфсизлик масаласи. Лекин бунинг ҳам йўлини топиб, яқин орада уларни қайтаришга ҳаракат қиламиз, — дейди ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Украина атрофида бўлаётган воқеаларга муносабат билдириб, Ўзбекистон Донецк ва Луганцк халқ республикаларини тан олмаслигини таъкидлаган эди.
Мирзиёев ва Путин ўртасидаги телефон мулоқоти юзасидан маълумот берган президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Украина ва Россия атрофидаги вазият бўйича вазмин, нейтрал позицияда эканлигини, барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозимлигини айтган эди.






