АсосийJamiyat

Санъаткорларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда

'Санъаткорларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда'ning rasmi

Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Унда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Юқори палатаси Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонунга зарурат шундаки, амалдаги Қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.

Янги Қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Унга кўра, эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.

Сенаторлар муҳокамада Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ жараёнларга ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар бирма-бир кўриб чиқилди.   

Телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас.

Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

    Бошқа янгиликлар