АсосийJamiyat

Март ойида илгари кузатилмаган жадал ва узоқ муддатли ёмғирлар ёғди — Ўзгидромет

'Март ойида илгари кузатилмаган жадал ва узоқ муддатли ёмғирлар ёғди — Ўзгидромет'ning rasmi

Бу йилнинг март ойида Республиканинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2-3 марта кўп бўлди. Тошкентда деярли 2 ойлик ёғингарчилик миқдори ёғди. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.

Жадал ёмғирнинг давомийлиги ҳам анормалдир. 5 мартдан бугунги кунга қадар деярли ҳар куни бироз танаффус билан ёмғир ёғди.

Энг кучли ёмғир 11-15 март кунлари кузатилди. Республика бўйича баъзи жойларда бир кеча-кундузда ёғган ёғингарчилик миқдори айрим кунларда 25-40 мм, тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 50-60 мм гача бўлди.

Шу билан ёмғирлар тугамади. 18 мартга қадар Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёмғирлар танаффус билан ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 18 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир қорга айланиш эҳтимоли бор. Республикамизнинг шимолида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик ушбу кунларда бироз бўлади.

18 мартдан сўнг ёғингарчилик 2-4 кунга танаффус қилиши кутилмоқда. Кейинчалик, март ойининг охиригача бу кунлар каби кучли ва узоқ муддатли ёмғир ёғишини биз кутмаяпмиз.

2003, 2012 ва 2021 йилларнинг март ойларида ҳам жуда ёмғирли об-ҳаво кузатилган, аммо бу йилги каби жадал ва давомийлиги узоқ муддатли ёмғирлар илгари кузатилмаган эди.

Иқлимшунос олимларнинг фикрича, глобал исиш ёғингарчилик кўпайишига олиб келмайди. Бироқ, улар экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайишига, шу жумладан, аномал қуруқ ёки аномал нам даврларнинг такрорийлиги кўпайишига олиб келади. Жорий йилнинг март ойи бунинг ёрқин тасдиғидир.

    Бошқа янгиликлар