1

“Омикрон”нинг BА.2. мутацияси коронавируснинг ҳозиргача маълум энг юқумли варианти — ЖССТ эксперти

ДУНЁ 17.03.2022, 20:32
“Омикрон”нинг BА.2. мутацияси коронавируснинг ҳозиргача маълум энг юқумли варианти — ЖССТ эксперти

Бундан икки-уч ҳафта аввал дунёда эпидемиологик вазият бирмунча изга туша бошлаганидан қувонгандик. Кунлик касалланиш кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайиши эса пандемия охирлаётганидан дарак бергандек ҳам эди ўшанда.  

Аммо, мана, иккинчи ҳафтадирки, аҳвол яна мураккаблашмоқда. Қатор давлатларда ўсиш динамикаси кузатиляпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу ҳолатга нисбатан ўз жиддий хавотирини билдириб, бунинг энг асосий сабабларини изоҳлади.    

Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, “омикрон” коронавируснинг сўнгги версияси эканлиги, қолаверса, пандемия тугагани ҳақида тарқатилаётган айрим асоссиз ахборотлар одамларни чалғитмоқда.  

ЖССТ эксперти Мария Ван Керхове ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, “омикрон”нинг BА.2. мутацияси коронавируснинг ҳозиргача маълум энг юқумли варианти эканлигини қайд этди.  

Тўғри, мазкур янги штамм аввалги версияларга нисбатан ўта оғир асоратларни келтириб чиқармайди. Аммо унинг кенг тарқалиши шифохона шароитида даволанувчилар сони яна ортишига сабаб бўлмоқда.  

Шундай шароитда одамларнинг карантин қоидаларига мутлақо риоя қилмай қўйгани, бепарволикка берилаётгани хавф кўламини тобора оширяпти.  

ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори доктор Майк Раян ҳам шу ҳақда тўхтатилиб, ҳозирча коронавирус “тинчланган”и, аммо бу мавсумий бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.  

Мутахассиснинг сўзларига кўра, COVID-19 ҳамон хавфли. Қолаверса, ҳозир баҳор, одамларнинг иммунитети бирмунча заифлашган. Бундай шароитда инфекция осон тарқалиши мумкин.

Шу сабабли шифокорлар эмлашнинг муҳимлигини бот-бот эслатишмоқда. Чунки касалликдан ўлим ҳолатларининг аксарияти эмланмаган ёки тўлиқ босқичда вакцина олмаганларда содир бўляпти.  

Ван Керховенинг эслатишича, CОVID-19 қарши вакциналар касалликнинг ва ундан ўлим ҳолатларининг олдини олишда энг самарали воситадир.  

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1