“Кредитимга президентимиз кафил бўлган” — Кунига 20 миллион сўмгача даромад топадиган бухоролик чопончи аёл ҳикояси (видео)

ЖАМИЯТ 18.03.2022, 10:32
Теглар: Видео, чопон
“Кредитимга президентимиз кафил бўлган” — Кунига 20 миллион сўмгача даромад топадиган бухоролик чопончи аёл ҳикояси (видео)

Чопончилар авлоди бўлмиш Моҳира опанинг иккита тикув цехи, иккита дўкони, шогирдлари ва яхшигина даромади бор. Тиккан чопонларини Америка Қўшма Штатларидаги 15 йиллик мижозларига почта орқали юборишни ҳам йўлга қўйган тадбиркор аёл ҳалол меҳнати ортидан Президентимиз билан кўришиш бахтига ҳам эришган... Биз ҳунарманд ва тадбиркор аёлнинг яхшигина даромадга эга ҳунари ва қандай қилиб давлат раҳбари билан учрашгани ҳақидўа суҳбатлашдик. 

“ЗАМОНГА МОСЛАШИБ БОРЯПМИЗ...”

Моҳира САИДОВА, ҳунарманд-тадбиркор:

—  Ёшим 41 да. Адашмасам, 3-4 ёшлигимдан қўлимга игна ушлаб, тикишни бошлаганман. Чунки биз томонларда, яъни Бухорода ҳамма қиз тикиш-бичишдан хабардор бўлиши, қўлида ҳунари бўлиши шарт. Совчиликка келишса ҳам, “қизингизнинг нима ҳунари бор, тикиш-бичишни биладими”, деб сўрашади.  

Оилавий тадбиркормиз. Қўл меҳнати асосида чопонлар, дўппилар, кашталар тикиб, сотувга олиб чиқамиз. Оилада саккиз нафар фарзанддан олтита қиз эдик. Ва ҳар биримиз бугунги кунда шу ишнинг бошини тутганмиз. Мен оиламизнинг бу ишни давом эттираётган учинчи авлод вакилиман. Чопон тикиб сотишни онамнинг оналари, яъни бувижоним бошлаб берганлар. Бу ҳунар бувимдан онамга, онамдан эса бизга ўтиб келмоқда. Бошида чопон тикиш билан бошланган ишимизнинг ёнига бугунги кунда замон талаби билан яна бир қатор қўл меҳнати асосида битадиган ишлар, жумладан, турли хил зебигардон, тақинчоқлар тайёрлаш, зардўзлик ишлари, бисир ва кашталар тўқиш ҳам қўшилган. Бир сўз билан айтганда, замонга мослашиб, секин-секин ҳунаримизнинг кўламини кенгайтириб боряпмиз.  

“МИСТЕР ЖОН” ВОҚЕАСИ...

Моҳира опа нафақат маҳаллий аҳолига, балки бир неча йиллардан бери Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларга ҳам ўз меҳнат маҳсулотлари билан хизмат кўрсатади. Турли миллатлар турли характерлаги одамлар билан қизиқ воқеалар ҳам содир бўлиб турар экан.

—  Мижозлар билан қизиқ воқеалар кўп бўлади. Биз асосан, сайёҳлар билан савдо қилганимиз учун уларга ўзининг тилида гапирсангиз, хурсанд бўлиб кетишади. Бир куни инглиз йигит дўконга кириб келди. Мен унга “Мистер жон”, деб ўз билганимча гапирдим. У йигит негадир хурсанд, кайфияти кўтарилиб, мендан анча нарса сотиб олди ва секин таржимонига нимадир деди. Таржимоннинг исми Илҳом экан, у йигит мендан сайёҳнинг исмини қаердан билишимни сўради. Мен унинг исмини билмайман десам, сиз ҳозир буни “жон”, деб чақирдингиз-ку, дейди. Шунда мен тушунтирганман, ўзбеклар йигит кишининг исмига -жон қўшиб гапиришади, мен бунинг исмини билмаганим учун Мистер жон, дедим десам, роса ҳангома бўлган. Унинг асл исми Жон экан...  

“КУНИГА 15-20 МИЛЛИОН СЎМ ҲАМ ТОПГАНМИЗ”

—  Даромадим Аллоҳга шукур, ёмон эмас. Пандемия бошлангандан бери даромадимиз бироз пасайган, чунки сайёҳлар билан савдо қилганимиз учун ҳозир савдо-сотиқ анча суст. Бир ойда 20 миллион атрофида даромад қиляпмиз. Юртимизга хорижий меҳмонлар ташрифи кўпайганда бир кунда 15-20 миллион сўм топган кунларимиз ҳам бўлган. Борига, берганига шукур қилиб яшаймиз. Карантин бўлса-да, хориждаги бизнинг ҳақиқий мижозларимиз буюртма асосида ҳам адрас чопонлар тикиб беришимизни сўрашяпти. Яқинда ҳам Америкада яшайдиган ўзбекистонлик 15 йиллик мижозимнинг ўзи ва қизларига чопон тикиб, почта орқали жўнатиб юбордим. Жуда хурсанд бўлишди...

“КРЕДИТИМГА ПРЕЗИДЕНТИМИЗ КАФИЛ БЎЛГАН”

Дарвоқе, сўзимиз аввалида ҳунарманд опани давлатимиз раҳбари билан учрашгани ҳақида айтгандик. Моҳира опа, бу ҳақда тўлиб-тошиб гапириб берди. 

—  Ҳалол меҳнатим ортидан муҳтарам Президентимизни кўриш ва у киши билан суҳбатда бўлиш бахтига ҳам эришдим. 2019 йил “Наврўз” истироҳат боғининг очилиш маросимига “Ҳунармандлар уюшмаси”дан миллий кийим-кечак дўконларининг очилиш маросимига таклиф этилдим. Кутилмаганда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, биз томонга юриб кела бошлади. Президентимиз тўхтаб, менга қўлларини узатиб кўришдилар. Ўшанда бу инсонни ўзим учун қайтадан кашф қилгандим. Мен бир оддий ҳунарманд, қўллари игна киравериб, қавариб кетган аёлга давлат раҳбарининг қўлларидан тутиш бу чинакам бахт эди. Президент ўзимни таништиргач, “Мендан нима ёрдам?” деб сўради. Аллоҳга шукур, оилам бор, фарзандларим бор, уй-жойимиз бор. Ҳеч қандай камим йўқ. Фақат юртимиз тинч бўлса, бизнинг чопонларимиз яхши сотилиб турса бўлди, дедим. Президентимиз гапимдан хурсанд бўлиб кетдилар. Ёнидагиларга “Бу аёлга қандай ёрдам керак бўлса, барча ёрдам берилсин”, деб топшириқ бердилар. Шундан сўнг Марказий банкдан менга қўнғироқ бўлди. Кредит ажратмоқчимиз, деб. Аслида, кредитга заруратим бўлмаса-да, Президентимиз ўзлари кафил бўлган пулни оиламиз билан олишга келишдик ва шунинг ортидан савдойимни анча кенгайтириб олдим. Бошқаларга ҳам фақат ва фақат ҳалол ишлашни ва Аллоҳга шукур айтишни канда қилмасликни маслаҳат бераман. Ишонинг, ҳалол яшасангиз, ҳар доим “ошиғингиз олчи” бўлади!..

Моҳинур РУСТАМОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Тошкентда 9-синф ўқувчиси одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди (видео)

17.11.2023, 09:49

3 йилдан бери “Баркамол авлод” болалар мактабининг робототехника тўгарагига қатнайдиган Озодбек Ҳошимов одамларни ис газидан сақлаб қоладиган ихтиро яратди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими...
Оққўрғонда вертолёт иштирокида тўй кортежини қилганлар жаримага тортилди (видео)

16.11.2023, 12:40

Аввалроқ, Тошкент вилоятидаги тўйда вертолётдан фойдалангани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди. Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазур ҳолат бўйича маълумот тақдим этди. Маълум қилинишича, ИИББ...
Кечаги ёмғирдан сўнг Тошкент марказидаги янги "дом"нинг ери чўкиб, таги очилиб қолди (видео)

10.11.2023, 12:45

Пойтахт марказида қурилган янги кўп қаватли уй ҳали эгаларига топширилмасданоқ куни кеча ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг даҳшатли манзара касб этиб қолди. 11 қаватли уйнинг зиналари...
Фарғонадаги экин даласига янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди (видео)

04.11.2023, 12:37

Фарғонада янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилди. "Замон" дастурида мазкур ҳодиса бўйича тафсилотлар маълум қилинди.Маълум бўлишича, Фарғона тумани Юқори арча МФЙ ҳудудидаги катта далага янги туғилган,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1