Очиқ мулоқотда Президент тиббиёт ходимлари фаолиятига эътибор қаратиб, уларга турли йўналишларда имтиёзлар бериш масаласига тўхталди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
"Даволаш ва лаборатория ҳамширалари, санитар ходимлар, рентгенолог, ФТИ-зиатр, инфекционист, вирусолог, стоматолог каби алоҳида меҳнат шароитида ишлайдиган 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари бир йилда икки марта ўз ёнидан пул тўлаб, мажбурий тиббий кўрикдан ўтади (ўртача 200 минг сўм). Бу қанчалик адолатли?
Ушбу масалада ҳам 720 та мурожаат келиб тушган.
Ўз соғлиғини гаровга қўйиб, беморлар дарди билан яшаётган тиббиёт ходимларининг саломатлигини, авваламбор давлат ўйлаши керак эмасми?" дея савол билан мурожаат қилди давлат раҳбари.
Шунинг учун, 2022 йил 1 майдан бошлаб:
- барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади;
- қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари гепатит “Б” касаллигига қарши бепул эмланади;
- “Инсон қадрини улуғлаш ва шифокор меҳнатини қадрлаш” тамойили асосида, ҳар йили минг нафар бемор шифокорлар, айниқса, соҳада бир умр меҳнат қилган фахрийларга юқори технологик операциялар давлат ҳисобидан бепул ўтказилади.
Қолаверса, 2022-2023 ўқув йилидан:
- фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари 4 бараварга оширилади;
Шунингдек, тоифасиз ходимларга талаб этиладиган иш стажлари 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.






