АсосийJamiyat

2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оилавий муаммолар туфайли содир этилган — Ички ишлар вазири

'2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оилавий муаммолар туфайли содир этилган — Ички ишлар вазири'ning rasmi

Бугун, 19 март куни, Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси доирасида Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари томонидан эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, 2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.

Қайд этилишича, 2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муаммолар туфайли содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади. 

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги туфайли 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.

Оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда. Жумладан, ушбу жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларига тўғри келади.

Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар