Ҳиндистонлик савдогар илк бор Ўзбекистонга тижорат юкини Покистон ва Афғонистон орқали транзит орқали юборди. Бу ҳақда The Tribune India маълум қилди.
Маълум бўлишича, 140 тонна юк (асосан шакар) ортилган машиналар карвони Кобулдан Тошкентга жўнаб кетган. Бунга қадар юк Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридан денгиз орқали Карачига, сўнгра Покистон орқали Торхамга ўтиб, Афғонистон чегарасини кесиб ўтган.
Толибон Саноат ва савдо вазирлиги матбуот котиби Маулана Зоҳирнинг сўзларига кўра, юк бир кун аввал Покистондан мамлакатлар ўртасидаги Торхам чегара пункти орқали Афғонистон пойтахтига етиб келган.
Вазирлик Ҳиндистон товарлари транзитини осонлаштириш мақсадида махсус маросим уюштириб, буни Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги асосий савдо алоқасига айлантириш йўлидаги катта қадам сифатида баҳолади.






