Жорий йилнинг 14 март куни Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида 2022-2023-ўқув йилидан мактаб битирувчиларининг шаҳодатномасидаги 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ОТМга киришда ҳисобга олиниши ҳақида эслатма берилди. Шундан сўнг мазкур хабар телеграм ижтимоий тармоғидаги бошқа каналларда ҳам эълон қилина бошланди.
Маълумот учун, мактабдаги баҳоларни ОТМларга киришда инобатга олиш тартиби 2021 йил 19 ноябрь санасида белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-ноябрдаги 696-сон қарори билан “Таълим ташкилотлари битирувчилари баҳоларининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаш ва уни олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисида”ги тасдиқланган низом ушбу тартиб назарда тутилади.
Низомга асосан, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан 2022-йил 10 июнга қадар электрон платформалар ишга туширилади ҳамда 2022-2023-ўқув йили ва кейинги ўқув йиллари битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳолари электрон платформаларга киритилади ва битирувчилар баҳоларининг ўртача кўрсаткичлари ҳисоблаб борилади.
2022-2023-ўқув йили битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳолари ва уларнинг ўртача кўрсаткичлари эса мазкур ўқув йили якунлангандан сўнг, яъни, 2023-йил ёзига келибгина аниқ бўлади.
Аниқ бўладики, 11 йиллик таълимнинг охирги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичини ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиш 2023-2024-ўқув йили учун қабул имтиҳонларидан бошлаб амалга оширилади.






