1

Республика хирургия марказида ўтказилган мураккаб операцияларда 6 минг дозадан ортиқ қон компоненти ишлатилди — ССВ

ЖАМИЯТ 24.03.2022, 21:17
Республика хирургия марказида ўтказилган мураккаб операцияларда 6 минг дозадан ортиқ қон компоненти ишлатилди — ССВ

Инсонларнинг қонга бўлган муносабати ҳар хил. Кимдир ундан қўрқади, яна кимдир уни ҳаётнинг асоси деб билади, баъзилар эса шунчаки эътибор қилмайди. Аммо барчамиз тушунамизки, одамзот бу бебаҳо неъматсиз бир сония ҳам яшай олмайди.

Аввал хабар қилганимиздек, куни кеча мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” хайрия акциясига старт берилган эди.

Қувонарлиси, аҳолининг сифатли қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, беморларни зарур қон компонентлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу эзгулик акцияси қисқа вақт ичида юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди.

Хусусан, бугун академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ҳам мазкур тадбирда фаол иштирок этиб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшди.

Эрта тонгдан бошланган акцияда кун давомида 200 нафардан ортиқ шифокор ва ҳамшира беғараз донор сифатида қон топширди.

— Юртимизда тиббий кўмакка муҳтож беморларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўрасида инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида бошланган ушбу акция, энг аввало, муассасамизда даволанаётган оғир беморларга кўмак беришда муҳим қадам бўлди, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов. — Сабаби муассасада  бажариладиган мураккаб юрак жарроҳлик амалиётлари, туғма юрак нуқсони операциялари ва трансплантологик муолажаларнинг ҳар бирига ўзига яраша қон дозлари керак бўлади.  

Мисол учун, ўтган 2021 йилда марказимизга 8 минг нафардан зиёд бемор мурожаат қилган бўлса, уларнинг 6 минг нафарга яқинида юқори технологик операция ўтказилди ва ушбу амалиётларда 6 минг 100 доза қон компоненти ишлатилди. Шунинг ўзиёқ бу бебаҳо неъматнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти нақадар юқори эканини кўрсатади.

Хайрия акцияси давом этмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1