1

IT компаниялар ўз минтақавий офисларини Ўзбекистонда очишлари учун барча имкониятлар яратилади

ЖАМИЯТ 25.03.2022, 14:02
IT компаниялар ўз минтақавий офисларини Ўзбекистонда очишлари учун барча имкониятлар яратилади

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 24 март куни Тошкент шаҳридаги Congress Hall’да Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.

Форумда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонни рақамли ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳамда хорижий инвесторлар, жумладан, хорижий IT-компаниялар учун яратилаётган имконият ва истиқболлар ҳақида гапирди.

Бугун дунё тўртинчи саноат инқилоби остонасида турибди. Шуни ҳисобга олиб, республикада “Саноат 4.0” ривожлантириш босқичига ўтиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси каби жадал ривожланаётган мамлакатлар учун рақамлаштириш ўсишнинг янги двигателини топиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилиш учун мисли кўрилмаган имконият яратади. Шу мақсадда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди.

Ўз нутқида АКТ вазири Ш.Шерматов Ўзбекистонни хорижий IT-компаниялар ва IT-мутахассислари учун жозибадор қиладиган асосий афзалликларни қайд этди.

АКТ вазиринг сўзларига кўра, Ўзбекистон инсон капитали кўринишидаги қимматли бойликка эга. Айни пайтда Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 18 миллиони, яъни умумий аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси аллақачон 40 миллион кишини ташкил этади, агар бу тенденция давом этса, уларнинг 24 миллионини ёшлар ташкил қилади.

Бу аҳолининг кўпчилиги меҳнатга лаёқатли ёшда бўлган демографик дивиденд босқичи деб аталади. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли аҳоли саводли ва камида иккита чет тилини (инглиз ва рус) билади.

“Бугунги кунда ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2000 йилларда Ўзбекистонда юзга яқин IT-мутахассис бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 мингга етди. 2030 йилга бориб уларнинг сонини бир миллион кишига етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйилди”.– деди Шерзод Шерматов.

IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспорти изчил ортиб бормоқда. Шундай қилиб, 2021 йил якунига кўра, IT-экспорт ҳажми 46 миллион долларга етди, бу 2020 йилга нисбатан (16 миллион доллар) икки баравар кўпдир. Жорий йил охиригача бу кўрсаткич 100 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда, 2028 йил охиригача эса бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Асосий IT экспорт бозорлари: АҚШ (83,3 фоиз), Буюк Британия (5,2 фоиз), Россия (3,2 фоиз), Корея Республикаси (2,1 фоиз) ва БАА (1,1 фоиз).

Муҳим афзалликлар қаторида IT-бизнес учун имтиёзларни ҳам қайд этиш мумкин. У Ўзбекистондаги IT-компанияларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этади. Хусусан, IT-Парк резидентлари ҳисобланган IT-компаниялар 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган. IT-компаниялар экспорт фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эга.

IT Парк резидентлари қаерда жойлашган бўлишидан қатъи назар, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин. Шунингдек, ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинган.

Хорижий IT-компаниялар ва IT-мутахассислари учун янада катта қулайликлар яратиш мақсадида “IT-виза” бериш тартиби тасдиқланди. “IT виза” олиш учун минимал миқдордаги ҳужжатлар талаб қилинади ва бу жараён 3 кун давом этади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар ҳам зарур инфратузилма билан таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги қулай географик ўрни, бу туфайли республика Марказий Осиёдаги боғловчи IT хабга айланиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Таъкидланишича, бугунги кунда IT Парк 500 дан ортиқ резидентларга эга, уларнинг 15 фоизи йирик глобал ва маҳаллий компаниялардир. 2025 йилга келиб йирик ва ўрта IT-компанияларни фаол жалб қилган ҳолда резидентлар сонини минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда ўз бизнесларини кенгайтириш учун офис хоналари ва жиҳозлар, камида олти ойлик ижара ҳақи, коммунал хизматлар, интернетга уланиш харажатлари кўринишида инвестициялар билан таъминланиши мумкин. БПО компаниялари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган БПО мактаблари ҳам яратилмоқда.

Якунда АКТ вазири Ш.Шерматов Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган барча инвесторлар ва хорижий IT-компанияларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1