БМТ Бош Ассамблеяси Украинадаги гуманитар вазият бўйича Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Ҳужжатни 140 та давлат қўллаб-қувватлади, 38 та давлат бетараф қолди. Беларус, Россия, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея каби давлатлар эса резолюцияга қарши чиқди.
Дастлаб резолюция Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қабул қилиниши режалаштирилган эди, бироқ Россия вакиллари вето ҳуқуқидан фойдаланишлари ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Натижада, Франция ва Мексика Бош Ассамблея доирасида ўз резолюциясини овозга қўйди.
Резолюцияга кўра Россиядан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилмаслик талаб этилади. Ҳужжат муаллифлари тинч аҳолининг хавфсиз эвакуация қилинишини, шунингдек, ёрдамга муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлашни талаб қилган.
Қарорда таъкидланишича, Украинадаги шаҳарларнинг, хусусан, Мариуполнинг қамал қилиниши тинч аҳоли учун гуманитар вазиятни янада оғирлаштириб, эвакуация қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда. Бош Ассамблея Украина шаҳарларининг блокадасини тўхтатишга чақирди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорларидан фарқли ўлароқ, Бош Ассамблея резолюциялари давлатларга нисбатан мажбурлаш чораларини белгилай олмайди.






