Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати пойтахтда тунда бузиб ташланган уй бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди.
darakchi.uz га берилган маълумотга кўра, даъвогар Олмазор туман ҳокимияти 2022 йил 6 январда жавобгарлар Ш. А. ва М. А. га нисбатан мажбурий кўчириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судга мурожаат қилиб, жавобгарларни оила аъзолари билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадонга мажбурий кўчириш ҳақида қарор қабул қилишни сўраган.
Жавобгарлар оила аъзолари билан Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-уйда доимий рўйхатда туради ва истиқомат қилади. Мазкур уй-жой Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 30 июндаги 832-сонли ва 2019 йил 27 майдаги 764-сонли қарорига асосан бузилишга тушган. Олмазор тумани ҳокимияти вакиллари томонидан 2021 йил 10 декабрь куни жойга чиқиб, ушбу уйда яшовчи фуқаро М. А. билан суҳбат ўтказилган, унга уй-жой бузилиши эвазига Тошкент шаҳар ҳудудидан 4 хонали уй-жой олиб бериш таклифи берилган. Бироқ фуқаро ушбу таклифни рад етиб, Қорасарой кўчаси 69-уйда доимий рўйхатда турувчиларга ҳам уй-жой ажратиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Иккинчи маротаба 2021 йил 13 декабрь куни ушбу уйда яшовчи фуқаро М. А. билан суҳбат ўтказилганда, у уй-жой бузилиши эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи берилишини талаб қилган.
Учинчи маротаба 2021 йил 14 декабрь М. А. билан суҳбат ўтказилганида фуқаро уй-жой бузилиши эвазига Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйга олиб борилиб 2 та хонадон кўрсатилган. Аммо фуқаро кўрсатилган хонадонларни олишни рад этган ва бузилаётган уй-жой ўрнига Шайхонтоҳур тумани ҳудудида “GOLDEN HAUSE” томонидан жангоҳ мавзесида қурилган янги уйлардан олиб беришни ёки ушбу бузилаётган уй-жой ўрнига (400 минг АҚШ доллари) 4 360 000 000 (тўрт миллиард уч юз олтмиш миллион) сўм миқдорида пул маблағи берилишини талаб қилган. Матбуот хизматининг келтиришича, бу ҳақида тегишли тартибда расмийлаштирилган далолатномалар мавжуд. Мазкур уй-жой “PRTFESSIONAL EXPERTISE” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2021 йил 27 июлда баҳолаш ишларини олиб борган. Баҳолаш натижасида Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-уй 2021 йил 27 июль ҳолати бозор қийматига кўра 763 753 000 (етти юз олтмиш уч миллион етти юз эллик уч минг) сўмга баҳоланган. Фуқарога таклиф етилган Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадон туман ҳокимлиги ва сотувчи ўртасида икки томонлама келишув битимига асосан 1 182 384 000 (бир миллиард бир юз саксон икки миллион уч юз саксон тўрт минг) сўмга баҳоланиб туман ҳокимлиги балансига олинган.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-уйда яшовчи фуқароларга бузилишга тушган уйининг баҳосига нисбатан ортиқ бўлган Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдан 2 та хонадон ажратиш таклиф этилган бўлсада ушбу хонадонларни олишни рад этган.
Шу сабабли Олмазор туман ҳокимияти Ш. А. ва М. А.ни оила аъзолари билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадонга мажбурий кўчириш ҳақида қарор қабул қилишни сўраган.
Мазкур даъво ариза бўйича фуқаролик иши 2022 йил 6 январь куни суднинг иш юритувига келиб тушган.
Фуқаролик иши бўйича суд мажлиси 2022 йил 17 февраль кунига тайинланган ва тарафларга белгиланган тартибда “Гибрид почта” хизмати орқали чақирув қоғози юборилган.
2022 йил 17 февраль куни жавобгарлар келмаганлиги сабабли фуқаролик иши жавобгарларнинг иштирокисиз сиртдан кўрилиб, даъвогар Олмазор туман ҳокимиятининг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган. Ҳал қилув қарори 2022 йил 24 февраль куни жавобгарларга “Гибрид почта” хизмати орқали юборилган.
Ҳал қилув қарори ижро қилиш учун 2022 йил 17 март куни Олмазор тумани мажбурий ижро бюросига юборилган.
2022 йил 24 март куни жавобгарлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2022 йил 17 февралдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида судга ариза келиб тушган.
Мазкур аризанинг кўрилиши вақти бўйича тарафларга хабар берилган.






