АсосийJamiyat

Ер ости бойликларини қазиб олиш учун рухсатнома олиш тартиби ўзгартирилмоқда

'Ер ости бойликларини қазиб олиш учун рухсатнома олиш тартиби ўзгартирилмоқда'ning rasmi

Бугун 28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб фракция аъзолари “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.

Мазкур қонун лойиҳаси хорижий тажриба ва халқаро ташкилотлар фикрлари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида ер қаъри участкаларининг ресурслари, ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари рўйхати ва уларнинг ваколат доиралари аниқ белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, ер ости бойликлари тўғрисидаги маълумотларнинг (рухсатнома берилганлиги, ер қаъридан фойдаланувчиларнинг йиллик харажатлари, рухсатномани бошқа шахсга ўтказилганлиги, маҳаллий иш кучи ва хизматларни таъминлаш учун ажратилиши лозим бўлган харажатлар миқдори) очиқлиги, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани олиш тартиби тубдан соддалаштириш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилмоқда, ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонлардан геологик жиҳатдан ўрганиш учун фойдаланиш ҳамда аниқланган конлардан фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномаларни “E-auksion” ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион натижаларига кўра бериш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, берилган саволларга тушунтиришлар берилди. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Кун тартибидаги масалалар фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар