Куни кеча Телеграм каналларнинг бирида “"Дамас" автомобилининг эшиги узилиб тушди” деб номланган видео тарқалди. Бу эса жамоатчилик орасида турли хил маҳокамаларга сабаб бўлди.
"UzAuto Motors" юз берган воқеа ҳодисани батафсил ўрганиш учун Комплаенс хизмати томонидан текшириш ишлари олиб борилди, дея хабар бермоқда "Ўзавтосаноат" АЖ.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, "Дамас" автомобили эшигини ёпмасдан туриб ҳаракатланишни бошлаган. Эҳтиёткорсизлиги сабаб йўл четидан турган “Нехиа” автомобилининг бамперига урилган.
Сўнгги вақтларда бундай ёлғон хабарларнинг тарқалишини тез-тез кузатмоқдамиз.
" Ҳурматли мижозларимиздан интернет тармоғида тарқатилаётган ҳар қандай текширилмаган ахборотларга ишониб қолмасликларини сўраб қоламиз!
Шунингдек, туҳмат, била туриб ёлғон ҳамда уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасида кўзда тутилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ҳамда шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Компания ҳар қандай ҳолатда харидорлари ва мижозлари билан конструктив мулоқотга ҳамда ҳар қандай муаммони ҳал этишга тайёрлигини, бироқ бу каби ҳолатлар учун қонуний чора кўришга мажбур бўлишини маълум қилади" – дейилади компания Матбуот хизмати баёнотида.






