Россия ва Украина 29 март куни Истанбулда музокараларнинг янги раундини бошлади, музокаралар олдидан Туркия президенти Ражаб Эрдўғон томонларга мурожаат билан чиқди. Учрашув 30 март куни ҳам давом этади. Аввалроқ Британиянинг Financial Times газетаси Кремль музокараларда Украинанинг “денацификация қилиниши”ни ортиқ талаб қилмаётгани ва, агар Украина бетарафлик мақомини олса, унинг Евроиттифоққа киришига қарши эмаслиги ҳақида ёзган эди.
Истанбулдаги Дўлмабоғча саройида бўлиб ўтган музокараларда Украина томонидан мудофаа вазири Алексей Резников, Президент офиси бошлиғининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳамда парламентдаги “Халқ хизматкори” ҳукмрон партия фракцияси раҳбари Давид Арахамия иштирок этади. Россия томонини эса президент Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский, депутат Леонид Слуцкий ва бошқа масъуллар ифода этди. Музокаралар олдидан нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Путин ҳам, Зеленский ҳам унга “қадрли дўст” эканлигини айтган. У зудлик билан ўт очишни тўхтатиш кераклиги ва фожиани тўхтатиш икки томонга ҳам боғлиқ эканлигини таъкидлаган.
“Иккала давлатнинг ҳақли хавотирларини бартараф этадиган ва халқаро ҳамжамият томонидан ишончли деб қабул қилинадиган ечимга эришиш мумкин. Музокаралардаги муваффақиятингиз кейинги қадамни, етакчилар даражасидаги мулоқотни амалга оширишга имкон беради. Биз бундай учрашувга мезбонлик қилишга тайёрмиз”, - деди Туркия президенти.
Туркия НАТО аъзоси, аммо Россия билан алоқаларини сақлаб қолган. Эрдўғон Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларига қўшилишдан бош тортган. Олдинроқ Украина томони музокаралардан бош мақсади ўт очишга эришиш бўлишини айтган. Ҳар ҳолда икки ҳафталик узилишдан сўнг томонлар илк маротаба бир стол атрофига ўтирди. Музокараларда бирор келишувга эришиш умидлари жуда оз бўлсада, мулоқотнинг ўзи тинчлик учун ташланган катта қадамдир.
Делегация аъзоларининг ҳам кенгайтирилган, ҳам делегациялар раҳбарларининг яккама-якка мулоқоти ўтказилди. Украинадан музокара гуруҳининг раҳбари Давид Арахамия Киевнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича шартларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 8 мамлакат, шу жумладан, Туркия Украина хавфсизлигининг кафолатчиси бўлиши мумкин. «Украина БМТ Хавфсизлик Кенгаши, шу жумладан, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Франция, Туркия, Германия, Польша ва Исроилни мамлакат хавфсизлиги кафолатчилари сифатида кўришни истайди. Бошқа мамлакатлар шартномага ўз истагига кўра қўшилиши мумкин», - деди Арахамия.
Истанбулдаги РФ билан музокараларда украин делегацияси аъзоси бўлган Александр Чалый ўз навбатида, агар шартларга эришилса, Украина нейтралитетга тайёр бўлишини қайд этди. Ураина президенти идорасининг раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Украина ва Россия делегацияларининг Истанбулдаги музокаралари икки мамлакат президентлари музокараларини ташкиллаштириш учун етарли.
Музокаралардаги РФ делегацияси раҳбари Владимир Мединский ҳам ўз позициясини аниқлаштирди. Россия томони Украинадаги вазиятни изга солиш учун икки қадам ташлаш ниятида эканини очиқлади. Улардан бири ҳарбий, иккинчиси сиёсий қадам ҳисобланади. «Позициялардан бири – ҳарбий қисмга тегишлисини мудофаа вазирининг ўринбосари ошкор этади, сиёсийсини эса мен айтаман», - қўшимча қилди делегация раҳбари. Мединский сўзларига кўра, Россия делегацияси Истанбулда украин томонидан аниқ тиниқ баён этилган позиция ва таклифларни олган бўлиб, улар ўрганилиб, мамлакат раҳбариятига етказилади.
Бугунги кунда кўпчиликни Россия ва Украина президентларининг учрашуви масаласи қизиқтирмоқда. Агар Россия ва Украина ташқи ишлар вазирликлари даражасида дастлабки тинчлик шартномаси имзоланса, бир вақтнинг ўзида Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг учрашуви ҳам ўтказилади. Владимир Мединский Истанбулдаги музокараларнинг иринчи куни якунланганидан кейин журналистларга шу ҳақда гапирган.
Олдинроқ ўт очишни тўхтатиш борасидаги 3 мартда ўтган Россия-Украина музокараларида қатнашган россиялик миллиардер Роман Абрамович ва Украина делегацияси аъзоларида заҳарланиш симптомлари кузатилган. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар берганди.Bellingcat нашри бу хабарни тасдиқлади.Reuters агентлигига гапирган Америка разведкаси вакиллари бу ҳолат заҳарланиш эмас, балки унга атроф-муҳит сабаб бўлганини айтган.Wall Street Journal нинг ёзишича, Абрамович ва Украина делегациясининг икки аъзосида кўз қизариши, ундан мунтазам ва беморларда учрайдиган ёш чиқиши ҳамда юз ва қўллардаги терининг ажралиши каби ҳолатлар кузатилган.Абрамовичга яқин манба Би-би-сига бир неча ҳафта олдинги музокараларда миллиардерда заҳарланиш аломатлари кузатилганини тасдиқлади.Wall Street Journal нашрида ёзилишича, Абрамович уруш бошланганидан сўнг Киев ва Львов шаҳарларига борган ва Зеленский билан кўришган.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг вакили унга заҳарланиш билан боғлиқ ҳодиса ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини айтган. Айни дамда Туркияда ўтаётган Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда Роман Абрамович ҳам кўриниш берган. Музокаралар бошланишидан олдин Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба музокараларда иштирок этиши керак бўлган барча украиналикларга ҳеч нарса емаслик, ичмаслик ва иложи борича ҳеч нарсага тегинмаслик тавсиясини берган.
Файзулло Абдулбоқиев






