Бугун, 29 март куни «Ўзэкспомарказ» МКМда “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари - UzFood-2022” 21-халқаро кўргазмаси бошланди.
Кўргазма 29-31март кунлари «Ўзэкспомарказ» МКМда “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари - UzFood-2022” 21-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
Кўргазмада дунёнинг 25 давлатидан 140 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда: Беларус, Белгия, Болгария, Германия, Греция, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Литва, Нидерландия, БАА, Польша, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Швейцария, Шри-Ланка ва Ўзбекистон. Улардан 40 таси Туркия, 18 таси Беларус Республикаси, 13 таси Германия компанияларидир. Россия Федерацияси компаниялари Москва, Омск, Калининград, Пенза вилоятлари ва Олтой ўлкасининг жамоавий стендлари билан намойиш этилган.
Маҳаллий экспорт қилувчи компаниялар қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ичимликлар, газаклар ва сут маҳсулотлари, озиқ-овқат ингредиентлари, ароматизаторлар, қадоқлаш ва гўштни қайта ишлаш ускуналари, озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун пол қопламалари ва бошқа кўплаб маҳсулотларни намойиш этмоқда.
UzFood кўргазмаси доирасида ҳар йили етказиб берувчилар ва харидорлар ўртасида учрашувлар ўтказиш учун ихтисослаштирилган Ритейл маркази платформаси ташкил этилади Бу тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш, ўз маҳсулотларини тақдим этиш, шартномалар тузиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ажойиб имкониятдир.






