АсосийJamiyat

Ўзбекистон-Хитой: ҳамкорликнинг 30 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди

'Ўзбекистон-Хитой: ҳамкорликнинг 30 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ги дастурини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази Тошкент Давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Хитой: барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида илмий-амалий анжуманини ўтказди.

Тадбирда Хитой Халқ Республикаси элчиси Цзян Янь хоним, ШҲТнинг Хитой яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси Бош котиби Чжэн Вэй хоним, Шанхай Глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар Академиясининг Ижрочи Президенти – проф. Янг Ченг ва Ўзбек-Хитой Конфуций институтининг хитой томонидан директор - доктор Янг Шихулар иштирок этишди.

Анжуманда Ўзбекистон номидан Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Ф.Арзиев, Ташқи ишлар, Маданият, туризм ва спорт вазирликларининг юқори мартабали мутасаддилари, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Фанлар Академиясининг илмий мутахассислари иштирок этишди.

Хитой элчиси Цзян Янь ўз нутқида Хитой ва Ўзбекистон 30 йил давомида сиёсий жабҳадаги ўзаро ишончни сезиларли даражада мустаҳкамлаганини таъкидлади. Тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаат тамойилларига амал қилган ҳолда, томонлар мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишда бир-бирларини қатъият билан қўллаб-қувватлайдилар ва ички ишларга аралашишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий қарши чиқадилар. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик, стратегик шериклик муносабатлари изчил йўлга қўйилиб, мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилди, деб таъқидлади.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қ. Собиров халқлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, шу асосда маданиятлар ва цивилизацияларни ўзаро яқинлаштириш ва бойитиш, халқларнинг анъана ва урф-одатларини чуқур англаш ва ҳурмат қилиш Ўзбекистоннинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. У сўнгги 30 йил ичида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб, самарали натижалар бераётганини, минг йиллар олдин Буюк Ипак йўлида икки халқ ўртасида ўрнатилган дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлигини айтиб ўтди.

Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси Бош котиби Чжэн Вэй, ШҲТнинг порлоқ келажагини биргаликда яратиш йўлида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш масалалари Хитой қўмитаси фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини, ҳамда ўзаро алмашинув ва ҳамкорлик истиқболларини кенгайтиришни таъкидлар экан, ШҲТга аъзо давлатлар, бизнес ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар учун узоқ муддатли ривожлантириш учун ижтимоий асос бўлишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчилар иқтисодиётнинг турли замонавий тармоқлари, жумладан инфратузилмани ривожлантириш, саноат, муқобил энергетика, “яшил” ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбекистонлик мутахассисларни малакаларини ошириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича таклифларни илгари сурдилар ва тадбир якунида унинг иштирокчилари қуйидаги хулосаларга келишди:

Ўзбекистон ва Хитойнинг турли соҳалардаги давлат сиёсати изчил ва самарали ривожланиш йўналишига эга. Ишбилармон ва тадбиркор доиралар, маданият, таълим ва бошқа соҳалар вакилларининг кўплаб ўзаро ташрифлари, қўшма анжуманлар, семинарлар, форумлар ва кўргазмалар томонларнинг алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратаётган диққат-эътиборларидан далолат беради.

Сўнгги йилларда илмий-маърифий, маданий-маърифий ишлар ўзига хос фаоллик билан тус ола бошлади ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда илмий-амалий анжуманнинг барча иштирокчилари қардош мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни янада ривожланиши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлида муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.

    Бошқа янгиликлар