АсосийSport

Ўзбекистонда Атлетлар комиссияси тузилди

'Ўзбекистонда Атлетлар комиссияси тузилди'ning rasmi

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Атлетлар комиссияси ташкил этилиб, унинг таркиби шакллантирилди. Қўмита буни ўзбек спорти тарихида муҳим воқелик, дея баҳоламоқда.

Мазкур тадбирда иштирок этиш учун мамлакатимизнинг кўзга кўринган спортчилари Қўмита мажлислар залида жам бўлишди.

“Комиссия фаолиятини сифатли ва самарали йўлга қўйиш учун бизни жуда кўп масъулиятли ишлар кутмоқда. Ушбу қарор Олимпия ҳаракати доирасида бир қатор муҳим йўналиш ва лойиҳаларни амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Олимпия ҳаракатининг ҳар бир қарорида спортчиларнинг фикр ва манфаатларини ифодалаш учун Комиссия вакилининг позицияси ўз аҳамиятига эга. Биз ўзаро бирлашиб, мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтишга, кўзланган мақсадларга эришишимизга ишонамиз”, - деди  МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов.

 

Атлетлар комиссияси аъзолари Халқаро Олимпия қўмитаси талаблари асосида тегишли спорт федерациялари томонидан тавсия этилган 12 нафар спортчи орасидан овоз бериш йўли билан саралаб олинди.  Аноним тарзда ўтган сайлаш жараёни якунида қуйидаги спортчилар Атлетлар комиссияси таркибига аъзо бўлишди: Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Ришод Собиров (дзюдо), Дмитрий Шокин (таеквондо), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик), Светлана Радзивил (енгил атлетика) ва Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси).

Таркиб аниқлаб олингач Комиссия аъзолари дастлабки йиғилишни ўтказиб, ўзаро келишган ҳолда Комиссияга раҳбар ва ўринбосарлар таркибини шакллантириб олишди. Унга кўра, Дмитрий Шокин Атлетлар комиссияси раиси, Оксана Чусовитина ҳамда Бекзод Абдураҳмонов унинг ўринбосарлари бўлдилар.

Атлетлар комиссияси аъзолари МОҚ Бош ассамблеяси ва Ижроия қўмитаси таркибига кириб, муҳим жараёнларда ўз фикрларини билдириш, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу борада Зайнаб Дайибековани МОҚ Ижроия қўмитасига, Светлана Радзивил ҳамда Комилжон Тўхтаев номзодларини эса Бош Ассамблеяга кўрсатиш бўйича тақдимнома Қўмита раҳбариятига киритилди.

Қайд этиш жоиз, Атлетлар комиссияси спортчиларимизнинг халқаро майдондаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида мамлакатимизда Олимпизм ҳаракатини янада тарғиб қилиш йўлида фаолият олиб боради.

    Бошқа янгиликлар