АсосийJamiyat

Қачон авиакассаларимиз қонуний ишлайди?

'Қачон авиакассаларимиз қонуний ишлайди?'ning rasmi

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида авиакомпаниялар фаолияти жуда такомиллашган. Авиачипталар харид қилиш элетрон тизимда амалга оширилиб, истеъмолчиларга чипта буюртма бериши, сотиб олинган чиптани бекор қилиши муаммо эмас. Аммо охирги икки йилдаги ер юзида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар бизда бу борда қилиниши зарур бўлган ишлар талайгина эканлигини кўрсатиб қўйди, дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг darakchi.uz га берган маълумотида.

Навоий вилояти, Қизилтепа туманида яшовчи фуқаролар Ф.Закиров, Ш.Хамроев, Б.Зарипов, Б.Зайниев ва Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи фуқаро У.Иннатовлар 2022 йил 15 февраль  куни ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига бориш учун  Навоий шаҳрида жойлашган авиакассадан  2 774 000 сўмдан жами  13 870 000 сўмга   авичипталар сотиб олишган. Учиш рейси эса айрим сабабларга кўра бекор қилинган. Шундан сўнг, фуқаролар авиачипта учун тўланган маблағини ололмай кўп овора бўлишган ва Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўрашган. Мурожаат жамият мутахассислари томонидан зудлик билан  ўрганиб чиқилди ва авиачипта раҳбариятига фуқароларнинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари тушунтирилди. Натижада  мурожаат  ижобий ҳал этилди ва фуқароларга авиачипта учун тўлаган 13 870 000 сўм  пул маблағи қайтарилишида амалий  ёрдам кўрсатилди.

 Яна шундай авиачипта муаммоси билан Бешариқ тумани “Қорақўйли” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Х.Ашурова ҳам  Бешариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза қолдирган.Мурожаатга кўра истеъмолчи Т.Қурбонов (Х.Ашурованинг турмуш ўртоғи) Бешариқ шаҳри “Олтин водий” кўчасида жойлашган авиакассадан Россия Федерациясига 2022 йил 21 март куни билан парвоз қилиш учун 2 600 000 сўмга чипта сотиб олган. Бироқ  маълум сабабларга кўра Россияга уча олмаслиги аён бўлиб қолгач, учиш амалга ошириладиган кундан 9 кун олдин авиакассага мурожаат қилиб, чипта учун тўлаган пулларини қайтариб олмоқчи бўлган. Аммо қанчалик ҳаракат қилмасин авиакасса томонидан ушбу мурожаат пайсалга солиниб, чипта пулини қайтариб бериш кечиктириб келинган. Ушбу мурожаатни туман жамиятлари мутахассислари томонидан қонун доирасида ўрганилиши натижасида истеъмолчининг чипта учун тўланган  пуллари тўлиқ қайтарилишига эришилди.  

Бухоро вилояти Жондор тумани “Мирзаён” МФЙ да яшовчи фуқаро Н.С жорий йилнинг февраль ойида туманда жойлашган авикассадан "Бухоро-Дамадедова” йўналиши бўйича 3 000 000 сўмга авиачипта харид қилган. Аммо маълум сабабларга кўра авиа қатнов бекор қилинганлигинига қарамай авикасса ходимларига авиачипта пулини қайтаришларини сўраб қилган мурожаатлари асоссиз рад этилган.  Мазкур мурожаат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, авикасса ходимларига амалдаги қонун-ҳужжатлари талаблари юзасидан тегишли тушунтириш берилганидан сўнг, муаммо зудлик билан ижобий ҳал этилди. 

Аслида бугунги кунда бундай муаммолар юз беришининг ўзи уятли. Ўзбекистон аҳолиси авиачиптани харид қилиш, сабабли ҳолатларда бекор қилиши ва чипта учун тўлаган пул маблағини қайтариб олиши муаммо бўлмаслиги лозим... Мавжуд камчиликлар эса бунинг акси эканлигини кўрсатмоқда, - дейилади федерация хабарида.

    Бошқа янгиликлар