ССВ Матбуот хизматининг хабар беришича, соғломлаштириш акцияси учун Қашқадарёга жами 150 нафардан ортиқ мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ жалб қилинган.
Таъкидланишича, акция икки босқичда ташкил этиляпти. Биринчи босқичда пойтахтдан келган мутахассислар гуруҳлар кесимида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманига тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммоларни ўрганади, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жумладан, касалликлар профилактикаси бўйича тарғибот тадбирларини ўтказади.
Асосийси, даволанишга муҳтож бўлган аҳоли тоифасининг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилиб, оғирлик даражаси бўйича таснифланади. Юқори технологик амалиётларга муҳтож бўлган беморлар Давлат тиббий суғуртаси ва тегишли фондлар маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этилади.
Бу орқали, биринчи навбатда, аҳоли қатламига ихтисослаштирилган тиббий хизматни янада яқинлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, акция давомида мобиль маммография, кўчма лаборатория ва махсус жиҳозланган мобиль тиббий автомашиналарда узоқ ҳудудларга бориб, аҳоли саломатлигини яхшилашга кўмаклашиш мақсад қилинган.
Иккинчи йўналишда вазирликнинг махсус гуруҳи томонидан Чироқчи туманида намунавий ялпи текширувлар амалга оширилади. Бунда тумандаги барча аҳоли қатламларини қамраб олиш, ҳудуднинг тиббий салоҳиятини ўрганиш, муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилади.
Яъни, махсус ишчи гуруҳ тумандаги барча тиббий ёрдамга эҳтиёжи бўлган беморларни даволаш жараёнига йўналтиришни, туман тиббиётининг моддий-техник базаси, дори-дармон, даволаш ва кадрлар бўйича барча муаммоларига ечим топади.
Якунда Чироқчи тумани бўйича ўрганишлар таҳлил қилиниб, бу тажриба натижадорлигига кўра, бутун республикага татбиқ қилиниши режалаштирилган.
Шу кунларда ушбу йўналишлар доирасида оғир касалликларга чалинган, юқори технологик жарроҳлик муолажасига муҳтож беморларда давлат ҳисобидан операциялар бошлаб юборилди. Бу амалиётлар республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан борган етакчи шифокорлар бошчилигида бажариляпти.
Хусусан, сўнгги икки кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каби қатор муассасаларда ўнлаб шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.
Шунингдек, янги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари ташкил этиш, зарур ҳудудларда контейнер шаклидаги тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Ушбу соғломлаштириш акциясида бюрократик тўсиқларсиз, аҳолини сарсон қилмасдан, уларнинг хонадонигача кириб бориб, дардларига малҳам бўлиш устувор вазифа қилиб олинган.






