Давлат тест маркази Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида тарқалаётган хабарлар бўйича баёнотини эълон қилди.
Маълум қилинишича, Давлат тест маркази томонидан 2020-йилда “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор лойиҳаси тайёрланган.
– Мазкур қарор лойиҳасида дастлаб тажриба-синов тариқасида Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумтаълим муассасалари битирувчиларининг, кейинчалик эса барча умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, қарор лойиҳасида аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовлари топшириши белгиланган.
Яъни имтиҳонлар унификация қилиниши ОТМларга кириш имтиҳонларининг тўлиқ бекор бўлишини англатмайди, балки умумтаълим муассасалари битирувчилари 2 маротаба имтиҳон топшириш (якуний давлат аттестацияси ва ОТМларга кириш тест синовлари) ўрнига ягона тест синови орқали якуний давлат аттестациясини топшириб, шу тест натижаси билан ОТМларга кириш имкониятига эга бўлишини билдиради, – дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, ДТМ бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев "2021/2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик ҳолати" мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкинлигини, кириш имтиҳонларидан воз кечилса, абитуриенлар мактаб имтиҳонлари натижаларига асосан ОТМга қабул қилиниши маълум қилган эди.
Балки ДТМ масъулининг ушбу чиқиши Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга асос бўлаётгандир.






