АсосийJamiyat

Ўзбекистон бўйлаб “Оналар яшил макон учун!” умуммиллий акцияси ўтказилмоқда

'Ўзбекистон бўйлаб “Оналар  яшил макон учун!” умуммиллий акцияси ўтказилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон бўйлаб “Оналар  яшил макон учун!” умуммиллий акцияси фаровонлик ва ободлик сари хайрли қадам сифатида ўтказилмоқда. Бу ҳақда Оила ва хотин қизлар давлат қўмитасининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Акция доирасида табиатни асраш, фарзандларимизга экомаданият тушунчасини сингдириш билан бирга хотин-қизлар бандлиги  таъминланишига эришилиши мақсад қилиб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармони билан мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида  “Яшил макон”  умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

“Оналар  яшил макон учун!” акцияси мазкур хайрли лойиҳа доирасида ўтказилади.

Акцияга илк бор Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Узун туманида старт берилди.

Туманда яшовчи хотин-қизлар 200 туп туя арча, 400 дона “Сосна” арча кўчатлари, 184 дона мевали (олма, бодом, ёнғоқ, олча) дарахтлар экилди. Шунингдек, хонадонларга 300 дона лаванда кўчати ва 20 кг заъфарон доривор гиёҳ уруғи тарқатилди.  

“Оналар  яшил макон учун!” акциясини амалга оширишдан кўзланган мақсад хотин-қизларни манзарали ва мевали дарахт, бута кўчатлари ҳамда уруғ етиштириш, экиш ва парвариш қилиш бўйича кўникмаларини ошириш, экологияни асраш тушунчасини сингдиришдир.  

Юқоридагилар билан бир қаторда, Республикамиз туманларидаги Ўрмончилик хўжалиги ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларнинг хўжалик ерларига манзарали ва  мевали  дарахт,  бута  кўчатлари, қаламчалар  экиш ва уруғ   етиштириш, шунингдек, хотин-қизларни ҳамда уларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бунда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган хотин-қизларга  интенсив ниҳолхоналарда ишлаш бўйича назарий ва амалий билимлар берилади. Интенсив ниҳолхоналар ташкил қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар олишида амалий ёрдам кўрсатилади.  

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан уруғчилик ва кўчат етиштириш билан шуғулланиш ниятида бўлган фуқароларнинг, шу жумладан, имконияти чекланганлар ҳамда бандлиги таъминланмаган хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди ва “Оналар боғи”ни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.  

“Оналар  яшил макон учун!” акцияси бундан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва акцияда  иштирок этувчи аёллар ўз саъй-ҳаракатлари билан яшаётган ҳудудларини яшил маконга айлантиришга муносиб ҳисса қўшадилар. Ўз маҳаллалари ва хонадонларига  манзарали ва мевали дарахтлар кўчатларини экиб, шифобахш гиёҳлар етиштириб, ўзларини иш билан банд қиладилар.  

Янги орзулар обод хонадондан бошланади. Кўча-ҳовлиларига райҳону гуллар экилган хонадонлар обод ва кўркам бўлиб, у ерда яшовчи  хотин–қизларимиз эса ўз уйларида иш билан таъминланадилар, биз эса кўзлаган мақсадимизга эришамиз”, – деб қайд этди Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова.  

Акцияда иштирок этган хотин-қизлар билан суҳбат чоғида Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди.  

Маълумот ўрнида, Узун туманидаги "Оналар боғи"га Боботоғ ўрмон хўжалиги  томонидан мевали ва манзарали дарахтлар:  павлония, лаванда, шафран кўчатлари етказиб берилди.  

    Бошқа янгиликлар