АсосийSport

Анталияда бўлиб ўтган «Катта Дубулға» турнирида Ўзбекистон вакиллари 5та медални қўлга киритди

'Анталияда бўлиб ўтган «Катта Дубулға» турнирида Ўзбекистон вакиллари 5та медални қўлга киритди'ning rasmi

Халқаро дзюдо федерацияси (ИЖФ) тақвимидан жой олган Анталия «Катта Дубулға» турнири ҳам ўз якунига етди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги маълум қилди.

4 қитъадаги 63 та давлатдан жами 525 нафар (312 эркак, 213 аёл) дзюдочи 3 кун давомида 14 та вазн тоифасида мусобақа медаллари ҳамда қимматли рейтинг очколари учун баҳс олиб боришди. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар дзюдочиси ҳам муросасиз кечган беллашувларда ғолиблик учун татамига чиқди.

Мусобақа якунида 2та кумуш ва 3та бронза медалини қўлга киритган жамоамиз 63та давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Агар спортчиларимиз ана шу медалларнинг ёнига ҳеч бўлмаганда битта олтин қўшиб қўйишганида Ўзбекистон терма жамоаси Анталия «Катта Дубулға»сида умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олиши муқаррар эди.

Қуйида Анталия «Катта Дубулға» турнирида совриндор бўлган спортчиларимиз билан танишинг:

Кумуш медаль:

  • -52 кг: Диёра Келдиёрова,
  • +100 кг: Алишер Юсупов,

Бронза медаль:

  • -60 кг: Дилшодбек Баратов,
  • -66 кг: Сардор Нуриллаев,
  • -81 кг: Шарофиддин Болтабоев.

Мусобақада Грузия терма жамоаси 2тадан олтин ва кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Франция терма жамоаси эса 2та олтин ва 1та кумуш медаль билан иккинчи бўлди. Кучли учликка Бразилия биттадан олтин ва кумуш ҳамда 4та бронза медали билан якун ясаб берди. Анталия татамиларида 23 давлат терма жамоалари камида битта медаль қўлга киритишди.

Таққослаш учун, Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йилги Анталия «Катта Дубулға» турнирида битта олтин медални қўлга киритган эди. Ўшанда Диёра Келдиёрова ўз вазн тоифасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган.

    Бошқа янгиликлар