Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари этиб белгиланмоқда:
- автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт –автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш;
- ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технологияларни жорий қилган ҳолда, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш;
- ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш;
- йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, ушбу амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш;
- йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда, янги бошқарув ва назорат тизимларини татбиқ қилиш.