1

Бош вазир раислигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилмоқда

ЖАМИЯТ 04.04.2022, 22:32
Бош вазир раислигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилмоқда

Автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Бош вазир раислигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилмоқда.

Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юкланади:

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;

ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;

йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;

ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Республика махсус комиссиясига:

ҳар чоракда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни, мавжуд камчиликларни танқидий муҳокама қилиб борсин
ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш;

ҳар йили маҳаллий ҳокимликларнинг ўз ҳудудларида автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларини ўз ичига олган “йўл харита”ларини тасдиқлаб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат олиб бориш топширилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Ҳудудий махсус комиссиялар ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритади ва натижалари бўйича республика махсус комиссиясига ҳисобот тақдим этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1