1

2022 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг ижроси Бош прокуратура томонидан таъминланмоқда

ЖАМИЯТ 05.04.2022, 12:31
2022 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг ижроси Бош прокуратура томонидан таъминланмоқда

Президентнинг 2021 йил 10 декабрдаги 43 - сонли қарорига асосан ташкил этилган Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги Республика штаби ҳамда вилоят ва туман - шаҳар прокурорлари раҳбар-лигида ҳудудий штаблар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Мазкур штабларнинг устувор вазифалари ва уларни амалга ошириш механизмлари Президент Администрацияси раҳбари ва Бош вазир иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда аниқ белгилаб берилди.

Штаблар томонидан:

– дастурлар ижроси учун масъуллар, шу жумладан буюртмачи, лойиҳачи, эксперт ва пудратчиларга асосий талаблар тушунтирилди, қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан 2 минг нафарга яқин мансабдор расман огоҳлантирилди;

– штабларга жалб этилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирлик ва идораларнинг 5 мингдан ортиқ ходимлари Бош прокуратура Академиясининг махсус ўқув курсларида ўқитилди;

– назоратни тўғри ва самарали ташкил қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган услубий қўлланма, штаб аъзоларининг вазифаларини амалга ошириш механизмлари кўрсатилган назорат режаси тайёрланиб, масъулларга етказилди. Қўлланмада дастурларга оид қонунчилик ҳужжатлари, назорат жараёнидаги асосий талабларга оид қоидалар ва  бошқа маълумотлар жамланган;

– прокуратура органларида жорий этилган “Бюджет назорати” электрон дастурини Қурилиш ва Молия вазирликларининг тегишли тизимлари билан интеграция қилиш орқали барча объектлар бўйича “туман – вилоят – республика” даражасида онлайн мониторинг йўлга қўйилди.
Бунда объектнинг лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб, у фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган барча жараёнлар штаблар кузатувида бўлади;

– интернетда очилган махсус канал ва штабларда ишга туширилган “очиқ телефон” орқали кенг жамоатчилик учун дастурлар ижросининг боришини муҳокама қилиш имкони яратилди. Бинобарин, ҳар бир фуқаро дастур доирасидаги объектлар билан танишиши ва улардаги камчиликлар, 
нуқсонлар ҳақида фотоматериалларни илова қилган ҳолда штабларга хабар бериши мумкин;

– пудратчи ташкилотларнинг рейтингини юритиш ва тендер савдолари ўтказишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш натижасида 5 мингдан ортиқ пудратчининг салоҳияти нохолис баҳоланаётгани, оқибатда уларнинг рейтинг кўрсаткичлари нотўғри шакллангани аниқланди. Штабларнинг бу каби тизимли камчиликлар омилларини бартараф этишга қаратилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги қарори билан 20 дан ортиқ баҳолаш мезонлари бекор қилинди, рейтинг кўрсаткичларини 16 та ташкилотнинг интеграциялашган маълумотлар базалари орқали адолатли шакллантириш тартиби жорий этилди;

– чуқур ўрганишлар асосида 20 мингдан зиёд тажрибали ва салоҳиятли пудратчи саралаб олинди;

– жорий йилдан бошлаб пудратчини танлаш жараёнида харид комиссиясининг иштироки илк маротаба тўлиқ бекор қилинди. Бошқа давлатлар амалиётида кузатилмаган бундай тартиб инсон омилини мутлақо истисно этади. Эндиликда давлат объектларини қурадиган пудратчилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги платформа орқали электрон тарзда аниқланади.

– жорий йилги дастур доирасида бюджетдан ажратиладиган 23,7 трлн. сўм маблағнинг мақсадли сарфланиши ва  ишларнинг  сифатли бажарилиши юзасидан назорат ўрнатилди, манзилли рўйхати аниқ бўлган 1.728 та лойиҳанинг ҳар бири мониторингга олинди;

– дастурдаги олдинги йиллардан ўтган 453 та объект жойига чиққан ҳолда бирма - бир ўрганилиб, улардаги ишларни  якунлаш  юзасидан тармоқ жадваллари тасдиқланди, уларнинг ҳар бирига кузатув камералари ўрнатилди ва прокуратура ходимлари бириктирилди;

– жорий йилда янгидан бошланувчи 1.111 та объектнинг лойиҳа - смета ҳужжатлари ҳам ишлаб чиқилди, уларнинг 999 таси давлат ва 669 таси комплекс экспертизадан ўтказилди, 
813 таси тендер савдоларига қўйилди;

– дастур ижроси бўйича мутасаддилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Республика штаби раҳбари бошчилигидаги гуруҳ ҳар бир ҳудудда ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда.

Шунингдек, ҳозирга қадар Тошкент, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган ўрганишларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, жумладан, объектларда сифатли маҳаллий қурилиш материалларини ишлатиш, лойиҳаларни оптималлаштириш ҳамда  янги технологиялардан фойдаланиш чоралари кўрилди.

Жойлардаги вазият вилоят ҳокимлари ва бевосита ижрочилар иштирокида муҳокама қилиниб, вазифасини лозим даражада бажармаган 60 нафардан ортиқ масъуллар интизомий  жавобгарликка тортилди. 

Ўз навбатида, Республика штаби ташаббуси билан ҳудудларда ҳафтанинг бир куни “Қурилиш куни” сифатида белгиланиб, вилоят ҳокимлари объектлар кесимида ишларнинг боришини муҳокама этмоқда, камчиликларни бартараф этиш бўйича  штаблар ҳамкорлигида тезкор чоралар кўрилмоқда.

Эркин Юлдашев, 

Бош  прокурор ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1