Бугунги кунда хизматлар соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти.
Чунки хизматлар соҳасининг кенгайиши ва ривожланиши – миллий даромадларнинг ошиши ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш даражасини таъминлашнинг ҳал қилувчи омилидир.
Бу борада пойтахтимизда 2022 йилнинг январь-февраль ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 17 триллион 931 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 120,7 фоизни ташкил этди. Унинг номинал ҳажми 3 триллион 889,5 миллиард сўмга ошди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар статистика бошқармаси маълум қилди.
Бозор хизматларининг салмоқли ҳажми савдо, яшаш ва овқатланиш соҳасида кўрсатилмоқда. Жумладан, жорий йил январь-февраль ойларида кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажимда савдо хизматларининг улуши 23,2 фоизни ташкил этди. Бу эса 4 триллион 153,9 миллиард сўмга тўғри келди. Айтиш лозимки, 2021 йил январь ойида уларнинг ҳажми 3 триллион 282,6 миллиард сўмга ёки умумий ҳажмининг 23,4 фоизига тўғри келган.
2022 йил январь-февраль ойларида яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларнинг умумий ҳажмида озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш бўйича хизматларнинг улуши 83,7фоиз билан устунлик қилди.
Таъкидлаш жоизки, хизмат кўрсатиш тармоқларининг ривожланиши кўплаб тадбиркорлик нуқталари ва янги иш ўринларининг ташкил этилишига, тадбиркорларнинг даромади ортишига, аҳоли бандлиги таъминланишига хизмат қилади.






