Ўзбекистон метеорологларининг маълум қилишича, апрель ойида бизни “магнит бўронлари” деб аталувчи вақтинчалик безовталиклар кутмоқда. Жумладан, йилнинг тўртинчи ойида 4 та геомагнит чақнаш даври прогноз қилинмоқда. Булардан айримларининг давомийлиги узоқ ва кучли бўлиши кутиляпти, баъзи вақтда магнит бўрони кучайиши 6-7 баллга етиши мумкин. Фанлар академияси Астрономия институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди ЧориШЕРДОНОВ ушбу жараён сабаблари ва инсонга таъсири ҳақида тушунтириб берди...
— Магнит бўронлари Қуёшда содир бўладиган чақнашлар ва портлашлар натижасида пайдо бўлади. Аслида, Қуёшда чақнашлар ҳар доим содир бўлади. Буни Қуёшдаги доғлар орқали биламиз. Ҳозир Қуёшда доғлар катталашган. Шу сабабли апрель ойида одатдагидан кучлироқ магнит бўронлари бўлиши мумкин. Магнит бўронларини олдиндан айтиш жуда қийин, лекин доғларнинг ҳолатига қараб тахмин қилиш мумкин. Қуёш тасвирини кўрганимда Шарқ томонида ҳам, Ғарб томонида ҳам катта-катта доғ гуруҳлари бор эди.
ҚАЙСИ САНАЛАРДА СОДИР БЎЛАДИ?
Қуёшдаги чақнашлар Ерга ўз таъсирини ўтказади. Сўнгги вақтлардаги Қуёшдаги чақнашлар юртимизда 2-4 апрель оралиғида – 4-5 баллгача бўлган магнит бўронига сабаб бўлди.
Бу бош оғриғига мойил бўлган одамларга таъсир қилади, бундан ташқари, юрак-қон томир патологиялари бўлган беморлар ўзларида ўзгаришларни ҳис қилишлари мумкин.
Магнит бўронининг кейинги босқичлари эса 13-17 апрелгача кутилади. Бу магнит бўронининг чўққиси 15 апрелда бўлиши айтилмоқда. Унинг босими ҳатто соғлом одамлар томонидан ҳам сезилиши мумкин.
25-29 апрелгача – магнитосфера фаоллиги ошишининг яна бир босқичи қайд этилади. Бу давр ҳам сезиларли ўзгаришларни ўз ичига олиши мумкин. Бу ҳолатда фуқаролар ўзларини ортиқча жисмоний зўриқтирмаслиги ва бир хилдаги руҳий-психологик кайфиятни сақлаб қолишлари керак бўлади.
30 апрель – апрель ойининг сўнгги кунида яна магнит майдонлари "ғазабланишда" давом этади. Бу об-ҳавога сезгир одамларда умумий ҳолат ёмонлашиши ва асабийликни келтириб чиқариши мумкин.
МАГНИТ БЎРОНЛАРИ КИМЛАРГА КЎПРОҚ ХАВФ СОЛАДИ?
— Одамлар магнит аномалиялари об-ҳавога сезгир бўлган одамлар учун хавфли бўлиши мумкин, деб ишонишади. Чунки баъзи манбаларда бу жараённинг юрак етишмовчилиги, қон босими кўтарилиб кетиши ва ўйнаши билан боғлиқлиги ҳақида хабар берилади. Бўрон пайтида одам ўзини заиф ва руҳий эзилган ҳолатда ҳис қилиши мумкин. Лекин айрим манбалар одам организми ва магнит бўронлари ўртасида ўзаро боғлиқлик йўқлигини даъво қилмоқда.
Маълумотларга кўра, бу каби магнит бўронларининг таъсирини сайёрамиз аҳолисининг учдан бир қисмида сезувчанлик кузатилади.
Атмосферадаги магнитли ўзгаришларни қуйидаги тоифалар бошқаларга қараганда қийинроқ ўтказади:
- болалар;
- кекса авлод вакиллари;
- сурункали касалликларга чалинганлар;
- ҳомиладор аёллар.
Бу гуруҳлардаги инсонлар учун об-ҳаво прогнозларига риоя қилиш, олдиндан хавфли даврга тайёргарлик кўриш ва кундалик одатларини тўғрилаш муҳимдир.
Магнит бўронларининг таъсирини қандай камайтириш мумкин?
Магнит кучланиш кутилаётган кунларда қуйидагилар муҳим аҳамиятга эга:
- кўчада кўпроқ юриш ёки уйни фаол равишда шамоллатиб туриш (вентиляция қилиш);
- суюқликни сақлайдиган озиқ-овқатларни (тузланган бодринг, дудланган гўшт, қалампир ва қизариб пишган овқатлар, спиртли ичимликлар) рациондан чиқариб ташлаш;
- таомномага метаболик жараёнларни тезлаштирадиган, қон оқимини рағбатлантирадиган ва қон томирлари деворларини мустаҳкамлайдиган маҳсулотларни қўшиш (иссиқлик ишлови берилмаган сабзи, тухум оқи, апельсин);
- севимли машғулотларингиз (ўқиш, йога, медитация машқлари, тикувчилик, тўқиш, ўзаро мулоқот) ёрдамида асабий қўзғалувчанликни босиш ва уйқу бузилишининг олдини олиш.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади
"Даракчи" газетасининг
2022 йил 7 апрелдаги 14-сони






