Тошкент вилоятида ҳайдовчи автомобиль давлат рақам белгисини йўқотганлигини айтиб, ЙПХ ходимини алдашга уринди. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар қилмоқда.
Келтирилишича, жорий йилнинг 6 апрель куни Ангрен шаҳар ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими З.Ёрматов томонидан "Cobalt" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилиб текширилганда, транспорт воситасининг орқа томонидаги давлат рақам белгиси йўқлиги маълум бўлган. Ҳайдовчи ушбу ҳолатни "Давлат рақам белгиси йўқолган. Йўқолганлиги бўйича ижтимоий тармоқда ҳам эълон берганман" — дея, изоҳлаган. Ваҳоланки, автомобилнинг юкхонаси текширилганда, айнан ушбу давлат рақам белгиси юкхонада сақланаётганлиги аниқланган.
Ҳайдовчи, 1990 йилда туғилган Н.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 125-моддаси 5-қисми тартибида баённома тузилиб, транспорт воситаси ушбу Кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.