Президентнинг 2021 йил 6 мартда Республика фахрийлар пансионатига ташрифидан сўнг ҳудудда маданий-маърифий тадбирлар учун алоҳида бино қурилди, янги физиотерапия бўлими ташкил этилди. Ошхона, ётоқхона ва бошқа хоналар таъмирланиб, янгидан жиҳозланди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.
Шунингдек, пансионат ҳудуди обод қилиниб, унга туташ майдонда “Нуронийлар боғи” жадал барпо қилинмоқда.
Жорий йилда барча тиббий-ижтимоий муассасаларни қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга 227 миллиард сўм ажратилади.
Лекин мониторинглар натижаси жойлардаги қатор тиббий-ижтимоий муассасаларнинг шароитини тубдан яхшилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Жумладан:
- 36 та “Саховат” ва “Мурувват” уйларидан 12 тасида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлашга эҳтиёж мавжуд; - 6 та “Меҳрибонлик” ва 11 та кичик ёшдаги болалар уйларидан (Дом малютки) 2 таси таъмирга муҳтож аҳволда;
- имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 86 та мактаб-интернатдан 11 таси капитал таъмирлашни талаб этади;
- жами 3 та мактаб-интернатда қўшимча ўқув биноси, 5 тасида – ётоқхона, 4 тасида –ошхона, 15 тасида – фаоллар ва спорт зали қурилишига эҳтиёж бор.
Шунингдек, 3 та мактаб-интернатда иситиш тизими, 31 тасида – ётоқхона, 10 тасида – ошхона, спорт ва фаоллар зали, меҳнат хоналари таъмирталаб.
Бундан ташқари, 22 та санаторий шаклидаги мактаб-интернатдаги (сколиоз ва нафас йўллари касалликларига ихтисослашган) шарт-шароитларни ҳам ўрганиб, тегишли чоралар кўриш зарур.
"Мана шу мисоллар, аҳолининг меҳр ва ғамхўрликка муҳтож қатлами учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш борасидаги ишларимиз ҳали қониқарсиз эканлигини кўрсатиб турибди", - деди Шавкат Мирзиёев.






