АсосийJamiyat

Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди — Президент

'Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди — Президент'ning rasmi

Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази билан танишгач, Олмазор туманидаги "Университет" маҳалласида бўлди. Сўнг 102-сонли эшитиши заиф болалар учун мактаб-интернатда давлатимиз раҳбари муассаса тарбияланувчилари ва педагоглари билан самимий суҳбатлашди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда. 

Айни пайтда бу ерда видеоселектор йиғилиши ўтмоқда.

“Ушбу қутлуғ ойда Аллоҳнинг марҳамати билан, бутун ер юзига барака ва яхшиликлар ёғилади. Сабр-қаноат ва хайр-саховатли ишлар учун кўп-кўп савоблар ёзилади.

Муборак Қуръони каримда ҳам “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деб таъкидланган.

Умуман, кўп минг йиллик қадриятларимиз ва муқаддас динимиз шарофати билан нафақат Рамазон ойида, балки бутун йил давомида, ҳар куни меҳр-мурувват ва саховат кўрсатиш, сабрли ва аҳил бўлиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Хусусан, пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати мамлакатимиз бўйлаб кенг тарқалиб, эл-юртимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтгани бунинг ёрқин мисолидир”, деди Президент.

Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида халқпарвар давлат яратиш, инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашни энг устувор йўналишлар қаторида белгилангани таъкидланди.

Хусусан, ўтган йили Президентнинг 25 мартдаги фармони билан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.

“Саховат”, “Мурувват” уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди.

Ўтган даврда интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ҳеч кими йўқ ва ёлғиз яшайдиган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди.  

“Zamin” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд бола жами 4 мингта рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди.

Шунингдек, 1 минг 100 нафар ногиронлиги бўлган шахслар пультли аравачалар билан таъминланди.

Ўтган йили “Саховат”, “Мурувват”, “Меҳрибонлик” ва болалар уйлари, фахрийлар пансионатлари, мактаб-интернатларда 172 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.

“Жорий йилда барча тиббий-ижтимоий муассасаларни қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга 227 миллиард сўм ажратамиз”, деди Президент.

    Бошқа янгиликлар