Мамлакатимизда ҳар бир бола тақдирига қаратилаётган эътибор туфайли охирги ярим йилда “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчаси ва “SOS” болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 минг 619 нафар кўнгли ўксик фарзандларимиз ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилган. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.
Натижада 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани учун ёпилган.
Қолган 6 та “Меҳрибонлик” ва 11 та кичик болалар уйларида 1 минг 475 та ўрин мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларда 897 та етим болалар бор.
“Албатта, болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани, халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофи ва болажонлигини кўрсатиб турибди.
Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, янада яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка беришни тезлаштириш чораларини кўриш лозим”, деди Президент.






