1

Адлия вазирлиги: 2022 йилда 1 860 та амалдаги қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади

ЖАМИЯТ 09.04.2022, 17:00
Адлия вазирлиги: 2022 йилда 1 860 та амалдаги қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, жумладан қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида ҳам тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Хусусан, 2021 йил 23 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ‒5263-сон қарори, шунингдек Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг янги тартиб ҳамда услубиёти қабул қилиниб, чеклист тўлдириш амалиёти йўлга қўйилди.  Энг муҳими, юқоридаги Президент қарори билан 2021 йилдан бошлаб Адлия вазилиги томонидан “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили жорий этилди ҳамда  2022 – 2026 йилларда 21 мингдан ортиқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича беш йиллик режаси тасдиқланди.

Шунга мувофиқ,  2022 йил 26 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “2022 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Жорий йилнинг 8 апрель куни Адлия вазирлигида мазкур қарор ижросига масъул бўлган 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида семинар ташкил этилди.

Тадбирда адлия вазири ўринбосари А. Каримов сўзга чиқиб, қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиётида, хусусан вазирлик ва идоралар фаолиятида тизимли муаммолар учраётганлиги, чеклист тўлдириш амалиёти тўлиқ йўлга қўйилмаганлигини таъкидлаб, коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш сифати ва самарадорлиги ошириш бўйича тушунтириш берди.

Жумладан, 2022 йилда Адлия вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида белгиланган ижтимоий ҳимоя, молия-кредит, тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият ва божхона иши соҳаларига оид 1 860 та амалдаги қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши, экспертизани жойига чиқиб амалга ошириши, мутахассислар, фуқаролар, айниқса тадбиркорлик субъектлари билан учрашиб уларни қийнаётган нормаларни аниқлаб, бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Семинарда берилган саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан жавоблар берилди ҳамда ушбу йўналишда ўзаро тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш белгилаб келишиб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1