АсосийJamiyat

Ўзбекистонликлар учун “Салом, Япония” лойиҳасига старт берилди

'Ўзбекистонликлар учун “Салом, Япония” лойиҳасига старт берилди'ning rasmi

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Япониядаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси ва “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида Японияга ташриф буюраётган ва ушбу давлатда яшаб келаётган ватандошларга кенг қамровли кўмак бериш мақсадида “Салом, Япония” номли лойиҳага старт берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирнинг биринчи сони онлайн-семинар шаклида ўтказилиб, унда Ўзбекистон ва Японияда меҳнат қилаётган ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 60 нафарга яқин ватандош иштирок этди.

Япониядаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси раиси Жўрабек Ҳасанов лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов семинар иштирокчилари эътиборини республикамизнинг ёшларга оид давлат сиёсати, ватандошлар билан ишлаш йўналишида олиб борилаётган сиёсат, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қаратди.

Жумладан, фуқароларимизнинг хорижда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мигрантларимиз ва талабаларимизга консуллик-ҳуқуқий кўмак бериш, оғир аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва ушбу йўналишда япон ҳамкор вазирлик, идора, ташкилот, университет, иш берувчи компаниялар, ватандошлар уюшмалари билан амалий ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, Японияда истиқомат қилаётган фуқароларимиз ўртасида иммиграция ва виза қонунчилигини бузиш ҳолатлари мавжудлиги маълум қилинди. Ушбу ҳолатлар фуқароларимиз манфаатлари ва давлатимиз обрўсига салбий таъсир қилиши сабабли маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилиш тавсия этилди.

Семинар доирасида Японияда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимиз “Япон тилини ўрганиш сир-синоатлари”, “Бола тарбиясининг муҳим жиҳатлари”, “Қўшимча иш қидириш”, “Техник стажёр” мақомида меҳнат фаолиятини олиб бориш” ва “Йўл ҳаракати қоидалари” мавзуларида тақдимотлар намойиш қилишди.

Мулоқот чоғида иштирокчилар томонидан кўтарилган масалаларга  атрофлича жавоб берилди ва мурожаатлар асосида кейинги семинарларни ташкил қилишга келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар