АсосийДУНË

Қалб ором топиши учун Бухорога келиш керак — Машҳур турк блогери маданий мерос объектларини тарғиб қилди

Аввалроқ, Туркиянинг ТРТ телеканали продюсери, зиёрат туризми бўйича машҳур блогер Сердар...

'Қалб ором топиши учун Бухорога келиш керак — Машҳур турк блогери маданий мерос объектларини тарғиб қилди'ning rasmi

Аввалроқ, Туркиянинг ТРТ телеканали продюсери, зиёрат туризми бўйича машҳур блогер Сердар Тунжер бошчилигидаги тарғибот гуруҳи томонидан “Олтин силсила ҳалқаси бўйлаб" кўрсатуви суратга олинаётгани хабар қилинган эди. 

Айни пайтда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Сердар Тунжер сафари давомида Бухоро, Хива ва Самарқанд каби машҳур туристик йўналишлардан ташқари чекка туманлардаги кўплаб маданий мерос обектларини ҳам тарғиб қилди.  

Саёҳат давомида Нақшбандия тариқатининг “Олтин Силсила” ҳалқасидан жой олган ислом уламолари зиёратгоҳлари, уларнинг илмий мероси, ислом сивилизациясига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги тағибот материаллари тайёрланди.  

Жумладан, “Бири бир гун” рукни остида 5 бўлим, ТРТнинг рамазон ойи саҳарлик дастури учун “Саҳур програми” рукни остида 30 бўлим, "MYMECRA” youtube канали учун “Сонсузлук Кервани” рукни остида 12 бўлим ва “Cat Kapi” дастури учун 2 бўлим, жами 49 бўлимдан иборат видео тарғибот материаллари тайёрланди.

Ушбу тарғибот материаллари Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги Хўжа Алоуддин Аттор, Олтинсой туманидаги Хўжа Муҳаммад Зоҳид, Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий, Шеробод туманидаги Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳлари, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Хўжа Муҳаммад Дарвеш, Хўжа Муҳаммад Имканагий зиёратгоҳлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр, Шоҳи Зинда, Регистон мажмуалари ва Имом ал-Бухорий, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор, Имом ал-Мотрудий зиёратгоҳлари, Бухоро вилоятидаги 7 Пир зёратгоҳлари, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Тошкент вилоятидаги Занги Ота зиёратгоҳларидан туриб тасвирга олинди.

Машҳур блогернинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида юзлаб туркиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдиришган.

"Танангиз дам олиши учун дунёнинг турли пляжларига боришингиз мумкин, лекин қалб ором топиши учун Бухорога келишингиз керак", –  дея ёзган Сердар Тунжер Ўзбекистонга қилган саёҳати ҳақида.

    Бошқа янгиликлар