“Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат ташаббускори Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси.
Лойиҳада мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ва 2022 йил 1 майдан бошлаб уни кучга киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек:
* алоҳида квоталарни давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш;
* мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсиянома бериш;
* алоҳида тест синовларини ўтказиш тартибларини ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасигакўра, хотин-қизларга тавсиянома Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан бир марта берилади ҳамда тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил муддатга амал қилади. Тегишли тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар ҳар йили олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига кириш учун ҳужжатларни топшириш муддатларида ўрнатилган тартибда махсус электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилади.






