Талаб даражасидаги гўшт маҳсулотини меъёрида истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун кони фойда. Аммо бу маҳсулот сифатсиз бўлса, истеъмол қилган одамга жиддий зиён етказади. Минг афсуски, сўнгги пайтларда айрим кимсалар ана шундай истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар орқасидан мўмайгина даромад топишга ҳаракат қилмоқда. Бу каби ҳолатларни кунда ёки кунора ижтимоий тармоқлардаги видеохабарлар орқали кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз.
ТОШКЕНТГА КИРИБ КЕЛАЁТГАН 1 ТОННА...
Мисол учун, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бир тонна миқдордаги истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотини Бухородан Тошкентга олиб кетаётган транспорт воситаси навоийлик ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб қолинган. Маҳсулот шубҳа уйғотгани сабаб текшириш мақсадида ташхис марказига олиб келинган. Гўшт ташишга мўлжалланмаган, яъни музлаткичи йўқ ҳолатда ташилганлиги ва бу ерда санитария ҳолатлари бузилганлиги сабаб гўшт текширилганда истеъмолга яроқсиз, деб топилди. Ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилиб, сифатсиз гўшт маҳсулотлари ёқиб юборилди.
Бу биргина мисол холос, аммо ушбу масалада фуқароларни ўйлантираётган саволлар ва билиш лозим бўлган айрим жиҳатлар бор. Гўштнинг истеъмолга яроқсизлиги қандай аниқланади? Оддий фуқаролар бир қарашда истеъмолга яроқсиз гўштни фарқлай оладими?
ЯРОҚСИЗ ГЎШТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Салоҳиддин ҲАСАНОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси Озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи:
— Гўшт тегишли деҳқон бозорларидаги ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларида белгиланган норма ва қоидаларга биноан текширилиб яроқсиз деб топилганда маҳсулот истеъмолга яроқсиз ҳисобланади. Гўштнинг истеъмолга яроқсиз экани аниқ текширувлар асосида, яъни органолептик, физик-кимёвий ҳамда микроскопик усулларда текширилади. Оддий фуқаролар гўшт сотув дўконларида сотилаётган гўштнинг сифати ва хавфсизлигига ишонч билдириши учун харид қилиш олдидан биринчи навбатда ветеринария-санитария экспертиза хулосаси борлигига эьтибор қаратиш керак.
БОЗОРЛАРДА СОТИЛАЁТГАН НИМАНИНГ ГЎШТИ?
Бозорларда сотилаётган гўштлар қайси турдаги ҳайвоннинг гўшти эканини қандай билиш мумкин?,
— Бозорларда сотилаётган гўштлар қайси ҳайвон турига мансублигини фақатгина ҳайвоннинг танаси бутун бўлса анатомик усулда аниқлаш мумкин. Агар гўшт нимталанган (бўлакларга бўлинган) ҳолатда бўлса, гўштнинг қайси ҳайвон турига мансублигини фақатгина лабораторияда ПЦР (полимераз занжирла реакция) усули орқали идентификация қилиниб, аниқланади.
ҚАЙСИ ҲУДУДЛАРДА КЎПРОҚ?
— Барча ҳудудларда гўшт маҳсулоти яроқлилиги бўйича ветеринария- санитария экспертиза лабораториялари ҳамда ташхис марказлари лаборатория таҳлили олиб борилади. Таҳлил натижаларига биноан гўшт маҳсулотининг сотувига рухсат берилади. Албатта айрим ҳолларда фақатгина яширинча, ветеринария гувоҳномасисиз чегарадан ўтмоқчи бўлган фуқоролардан ушлаб қолинган яроқсиз гўшт маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.
АГАР СИФАТСИЗ ЧИҚСА...
Агар фуқаролар истеъмолга яроқсиз гўштларга дуч келишса ёки сифатидан шубҳаланишса, зудлик билан тегиишли ветеринария-санитария экспертизаси лабораториясига ёки ҳудуддаги вилоят туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари, ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказларига мурожаат қилишлари мумкин.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 14 апрель, 15-сон.






