2022 йил 1 апрель куни соат 11:00 да, Андижон шаҳрида жойлашган “А.Навоий” истироҳат боғидан ўтиб кетаётган Булоқбоши туманида яшовчи 18 ёшли М.И.ни ўзини ИИО ходими деб таништирган одам тунаб кетди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
У қизга гўёки ушбу ҳудудда профилактик ишларини олиб бораётганлигини айтиб, ёнидаги уяли телефон аппаратида тақиқланган видео лавҳалар, эгнидаги кийимларида тақиқланган нарсалар бор ёки йўқлигини текшириб кўриши кераклигини тушунтиради. Ушбу нарсаларни унга тақдим қилишини талаб қилиб, М.И.га тегишли бўлган нархи 1.500.000 сўм бўлган “Redmi 9C” русумли телефон аппаратини ҳамда чўнтагидаги 470.000 сўм пулларни олиб, қочиб қолади.
Бундан ташқари, номаълум шахс жорий йилнинг 8 апрель куни соат 15:15да Андижон шаҳар Эркин МФЙда жойлашган “Регистон” майдонида Олтинкўл туманида яшовчи 20 ёшли Т.О.ни ҳам алдаб, ундан 2.000.000 сўмлик “Samsung A10S” телефонини олиб қочади.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Андижон шаҳида яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам судланган 27 ёшли А.И. содир этканлиги аниқланиб, ундан талончилик йўли билан қўлга киритилган Т.О.га тегишли “Samsung A10S” русумли уяли телефони ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда, ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.






