1

Энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига умуман қўйилмайдими? Адлия вазирлиги муносабат билдирди

ЖАМИЯТ 14.04.2022, 23:20
Энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига  умуман қўйилмайдими? Адлия вазирлиги муносабат билдирди

Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эндиликда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди, деган мазмунда хабар тарқалди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Адлия вазирлиги ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилади.

Биринчидан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилиши назарда тутилган. Яъни, мазкур Қонунда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиши шартлиги ҳақида талаб мавжуд эмас.

Иккинчидан, қандай ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаслиги қонунчиликда аввалдан белгилаб қўйилган. Президентининг 2021 йил 15 мартдаги қарорига кўра қуйидаги ҳолларда лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди:

– фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирларни белгилашга қаратилган лойиҳалар;

– янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи лойиҳалар;

– тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутмайдиган лойиҳалар.

Учинчидан, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган норма янгилик эмас. Чунки, Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 30-бандига ушбу масала юзасидан 2021 йил 16 августда тегишли ўзгартиришлар киритилган.

Тўртинчидан, regulation.gov.uz портали лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг ягона манбаи эмас. Бундан ташқари лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг расмий веб-саҳифалари ва jamoatchilik.uz порталига ҳам лойиҳалар жойлаб борилиши лозим.

Масалан, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 2022-2026.strategy.uz веб-сайти,  jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz порталларига жойлаштирилган.

Шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига киради. Демак, ташкилотларнинг ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни расмий веб-саҳифаларида эълон қилиб бориш мажбурияти қонун даражасида мустаҳкамланган.

Бешинчидан, лойиҳаларнинг жамоатчилик муҳокамасига манзилли ёндашув хорижий давлатларнинг тажрибасида ҳам қўлланиб келаётган амалиёт ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, Белоруссия ва Россия Федерацияси қонунчилигида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати белгилаб берилган.

Хусусан, Белоруссиянинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шартларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиши лозим бўлган лойиҳалардан бири сифатида кўрсатилган.

Олтинчидан, норма ижодкорлиги нуқтаи назаридан пишиқ бўлмаган лойиҳаларнинг порталга жойланиши кенг жамоатчиликда норозилик ва резонансларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, сўнгги вақтларда ишлаб чиқувчилар томонидан бошқа вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, вазифалари ва жавобгарлигига тааллуқли бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳолатлари учраб турибди.

Бу эса ўз навбатида, тегишли вазирлик ва идоранинг ҳуқуқий ҳолати ва имкониятларини тўла баҳоламаган ҳолда сифатсиз, пухта ишланмаган ҳамда белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда фуқаролар, тадбиркорлик фаолияти субъектларига мажбуриятлар юкловчи, уларнинг фаолиятида бюроктратик тўсиқларни вужудга келтирувчи лойиҳаларнинг ишлаб чиқилишига олиб келмоқда.

Кўриниб турибдики, лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилишида манзилли ёндашув вазият ва замон тақозосидир.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1