АсосийJamiyat

8 турдаги касаллик учун хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади — ЙҲХХ

'8 турдаги касаллик учун хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади — ЙҲХХ'ning rasmi

Бугун ИИВ ЙҲХББ биносида 2022 йил 12 апрелдаги  “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон Қарорининг янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда жорий этилаётган янги қоидалар юзасидан аҳоли томонидан энг кўп сўралаётган саволларга жавоблар берилди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" журналисти Фарида Эгамбердиева. 

Хусусан, янги қоидага кўра, ҳайдовчи ва машинанинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчига хавфсизлик камарини тақиш шарт қилиб белгиланмоқда. Бунда касаллиги бўлган айрим фуқароларга камарни тақмасликка рухсат берилган. Давра суҳбатида мазкур тартибга ойдинлик киритилишича, агар фуқаро бирор касаллиги сабаб хавфсизлик камарини тақа олмаса, бунинг учун у касаллиги тўғрисидаги тиббий маълумотномани ёнида олиб юриши лозим. 

"Албатта, фуқарода қандай касаллиги тўғрисида тиббий маълумотнома бўлиши лозим. Йўқса, ҳамма "нега камар тақмадингиз" десак, "соғлигим кўтармайди" деб айтаверади. Бунинг учун эса аниқ асос бўлиши лозим", - деди ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров.

Шунингдек, маълум қилинишича, 8 турдаги касаллик ҳолати учун тиббий маълумот талаб этмасдан хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади. 

Жумладан, 

1. Умров ва туш суякларининг синишлари  

2. Елка камари синиши  

3. Ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (IV босқич)  

4. Бронхиаль астма (IV босқич)  

5. Ўпканинr интерстециал зарарланиши  

6. Ўпканинг бир қисми ёки бутун қисмини (чап ёки ўнг) олиб ташланган

7. Сурункали юрак етишмовчилигининг III боск.ичи ва декомпенсация босқичи  

8. Ҳомиладор аёллар 

Таъкидланишича, ҳайдовчи йўловчини камар тақиш ҳақида огоҳлантириши лозим, агар огоҳлантирмаса ва олд ўриндиқдаги фуқаро камар тақмаса, ҳайдовчига жарима ёзилади. Огоҳлантирса, лекин йўловчи камарни тақмаса, жарима йўловчи-фуқарога белгиланади. 

Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, аҳоли ҳамда ҳайдовчилар ўртасида 7 ёшгача болаларни махсус болалар ўриндиғида, 7 ёшдан 12 ёшгача болаларни махсус ушлаб турувчи мосламали хавфсизлик камарини таққан ҳолда ташиш, транспортнинг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари тартиби ҳозирча тавсиявий бўлиб, келажакда у ҳам мажбурий этиб белгиланади. 

 

    Бошқа янгиликлар