АсосийJamiyat

“Онамнинг қувонч ёшларини кўриб, барча машаққатлар унутилди”

'“Онамнинг қувонч ёшларини кўриб, барча машаққатлар унутилди”'ning rasmi

Энди биз қиличбозлик спортида ҳам жаҳон биринчилигидамиз. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)нинг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида, қайд этиш керакки, дунё биринчилигида терма жамоамиз аъзоларидан Зуҳриддин Қодиров мустақил Ўзбекистонимизга тарихдаги биринчи олтин медални тақдим этган бўлса, Жаҳон кубоги ғолиби Зайнаб Дайибекова бу сафар бронза медалини қўлга киритди.

Зуҳриддин Қодиров қўлга киритган биринчилиги боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Давлатимиз томонидан спортчиларни ушбу мусобақага юқори даражада тайёрлаган тренерлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Терма жамоамиз мураббийи, уч карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов ҳамда Зуҳриддин Қодировнинг шахсий мураббийи Ёрқин Йўлдошев пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Унга кўра, жаҳон чемпиони Зуҳриддин Қодировга 5 000, бронза медали эгаси Зайнаб Дайибековага 3 000, мураббийлар Владимир Назлимовга 2 000 ҳамда Ёрқин Йўлдошевга 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари топширилди.

“Дунёнинг энг кучли қиличбозлари беллашуви менга завқ берган”

 

Зуҳриддин ҚОДИРОВ: – Бу ютуқдан жудаям хурсанд бўлдим. Бу ютуққа нафақат биз балки, мураббийларимизнинг меҳнати, ота-онамизнинг қилган дуолари ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман… 

Бундан 7 йил олдин Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтганида ушбу спорт турига меҳрим уйғонган. Дунёнинг энг кучли қиличбозлари қандай беллашаётганини кўриш катта завқ берган. Шундан сўнг қиличбозлик залига бориб, ушбу спорт тури билан шуғуллана бошладим. Қисқа вақт ичида қиличбозлик ўзидаги шижоат ва жозиба билан мени ўзига тортди. Айниқса, сабля қуролига меҳрим кўпроқ тушди ва шу йўналишда шуғуллана бошладим.

Йиллар ўтиб ёш болалар, сўнг ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида шоҳсупага кўтарилдим. Президентимизнинг бизга дунёнинг энг кучли мураббийларини олиб келгани биз ёшларга янада катта мотивация берди. Владимир Назлимов каби 3 карра Олимпиада ва 10 карра жаҳон чемпиони терма жамоада мураббийлик қилар экан, келажакда мен ҳам устозимиз каби юксак марраларни забт этишимга ишонаман.

БААда ўтган жаҳон чемпионатида эришган ғалабам менинг бу ниятим шунчаки хаёлдаги орзу эмас, уддалаш мумкин бўлган вазифа эканини кўрсатди. Мусобақада қиличбозлик спорти тараққий этган Канада, Миср, Венгрия, АҚШ ва Германиядан бўлган рақибларимни мағлубиятга учратишга эришдим. Бу ғалабам давлатимизнинг биз ёшларга спорт билан шуғулланишимиз учун яратиб бераётган шароитларининг самараси.

“Энг қувончли онларим бўлди, чунки...”

 

" – Ғалабам эвазига Президентимизнинг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармони Спортни ривожлантириш вазири томонидан ўқиб эшиттирилаётган лаҳзалар ҳаётимнинг энг қувончли онлари бўлди.

Фармон ўқилаётганда олдимда ўтирган онамга қарар эканман, кўзларидан оқаётган қувонч ёшларини кўриб, бу чемпионлик йўлидаги барча машаққатлар бутунлай унутилди. Ахир бир фарзанд учун бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши мумкин?! Бу ғалабамда устозларим қатори оиламнинг ҳам беқиёс ўрни бор. Уларнинг қўллаб-қувватлаши менга ҳар доим куч берган. Келгусида Олимпия ўйинларида ҳам ғалаба қозониб, ота-онамни кечагидек дунёнинг энг бахтли инсонлари қилиш ниятидаман ва бунинг учун қўлимдан келган барча ишни қилишга ваъда бераман", – дейди Зуҳриддин.

МАЪЛУМОТ УЧУН, Ўсмирлар тоифасида сабля қуролида баҳс олиб борган вакилимиз Зуҳриддин Қодиров Канада, Миср, Венгрия, АҚШ ва финалда Германия вакиллари устидан ғалаба қозонди. Ҳал қилувчи беллашувда у Колин Хеткокни 15:13 ҳисобида доғда қолдирди.

Учқун НАМОЗОВ тайёрлади

("Даракчи" газетаси, 2022 йил 14 апрель, 15-сон)

    Бошқа янгиликлар