АсосийJamiyat

Бир ой ичида адлия органларига соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларидан 5000 га яқин мурожаат келиб тушди

'Бир ой ичида адлия органларига соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларидан 5000 га яқин мурожаат келиб тушди'ning rasmi

Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 мартдан 15 майга қадар “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси ўтказилиши эълон қилинган эди.

Ўтган бир ой давомида (15 мартдан 15 апрелга қадар) адлия органларига соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларидан  жами 4 979 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг  3 405 таси (68 %) қаноатлантирилди, 354 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 25 та мурожаат тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилди. Ҳозирда 1 195 та мурожаатлар иш юритувида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Мурожаатларнинг асосий қисми Андижон (859 та), Қашқадарё (489 та), Тошкент (480 та) вилоятларига тўғри келмоқда.

Ҳудудий адлия органлари томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати юзасидан 1 342 та тақдимнома, 1 755 та огоҳнома, 211 та маъмурий ва 3 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда судларга жами қиймати 9 млрд 187 млн. сўмлик 2 379 та даъво аризалари киритилди.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида тақдимномаларга асосан 6 млрд 645 млн. сўм маблағлар (иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундириб берилди. Шунингдек, 552 та ҳужжат бекор қилиниб, 472 та шахс интизомий, 64 та шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан 23-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ходжаева Ситоранинг инглиз тили бўйича ТОЕФЛ халқаро сертификати мавжуд бўлса-да, тегишли устама пуллари тўлаб берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан тўланмай қолган 4,5 млн. сўм миқдоридаги устама тўловларини ундириб бериш бўйича судга ариза киритилди.

Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан умумтаълим мактаблари инглиз тили фани ўқитувчиларининг C1 даражадаги халқаро сертификатни олиш учун имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатларини давлат буджетидан педагог кадрлар малакасини ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш мажбуриятини тегишли давлат ташкилотлари  зиммасига юклаш учун Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига 15 та даъво аризаси киритилиб, 14 нафар педагог ходимнинг имтиҳон топшириш билан боғлиқ жами 9,58 млн. сўм харажатларини жавобгар Навоий шаҳар халқ таълими бўлими ҳисобидан ундириб берилиши таъминланди.

Пахтаобод туман адлия бўлими томонидан Пахтаобод туманидаги

11, 12, 14 ва 26-сон умумтаълим мактабларининг 198 нафар ўқитувчилари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтиш масаласида амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаатларини ўрганиш натижасида тиббий кўрик ходимларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилганлиги аниқланди.

Мазкур қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилган. Ушбу тақдимнома ижроси таъминланмагач, Андижон туманлараро судига ариза киритилиб, суд томонидан Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмасига педагог ходимларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилишига эришилди.

Бирламчи ва даврий тиббий кўрикдан ўтишда ходимлар чиқимдор бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Наманган, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ҳам аниқланган бўлиб, ушбу қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш учун тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилиши таъминланди.

Чимбой тумани адлия бўлими томонидан Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси бир қатор ходимларининг 2021 йил декабр ва 2022 йил январ-феврал ойларидаги ойлик иш ҳақи тўланмаганлигидан норозиликлари тўғрисидаги мурожаатларини ўрганиш жараёнида, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан мурожаатчиларга 7,2 млн. сўм миқдорида иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди, шунингдек, ходимларнинг тўлаб берилмаган иш ҳақларини ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилди.

Тахиатош туман адлия бўлими томонидан фуқаро М.Тасбаеванинг мурожаати ўрганилганида, фуқаронинг ҳомиладор бўлишига қарамасдан 2022-йилнинг 24-январ куни меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хати берилганлиги ҳамда жорий йилнинг 1-март куни иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилганлиги аниқланиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман халқ таълими бўлимига тақдимнома ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларини бузган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан туман бандликка кўмаклашиш марказига таклиф киритилди.

Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазириги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги тизими ходимларининг иш ҳақлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус устамалар ва компенсацияларнинг тўланиб бориши ҳолати мониторинг ўтказиш йўли билан ҳам ўрганилмоқда.

-           иш ҳақининг белгиланган муддатда тўланмаслиги (2 193 та);

-           устамаларнинг тўланмаслиги (2 170 та);

-           фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаслиги (198 та);

-           олис ҳудудларда ишловчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик моддий ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун компенсация пулларининг тўлаб берилмаслиги (274 та);

-           мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари (18 та) ва бошқа кўплаб қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, соҳа ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Республика “ОИТС”га қарши курашиш марказида ўтказилган мониторинг натижасида, Марказнинг 2022 йил февраль-март ойларида хизмат сафарига юборилган ходимларига хизмат сафари харажатлари тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва ходимларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаб бериш юзасидан вазирлик томонидан жорий йилнинг 12 апрель куни Республика “ОИТС”га қарши курашиш марказига тақдимнома киритилди.

Қўқон шаҳар адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ – 6099-сон Фармонига асосан 2021-йил 1-январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш йўлга қўйилиши белгиланган бўлса-да, 30 нафар ўқитувчиларга қўшимча устамалар тўланмаётганлиги аниқланиб, ходимлар манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига ариза киритилган, ариза қаноатлантирилиб, суд буйруғига кўра ходимларга 228, 2 млн. сўм пул маблағлари тўлаб берилиши белгиланди.

Шунингдек, Кармана туман адлия бўлими томонидан 31 нафар, Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан 19 нафар “спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юклатилган ўқитувчиларга 20 фоиз миқдорида устама тўловлари тўлаб берилиши таъминланди. Акция доирасида ўрганишлар давом этмоқда…

 

    Бошқа янгиликлар