"darakchi.uz"га Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани "Обшир" қишлоғи фуқаролари номидан мурожаат акс этган видео келиб тушди. Мурожаатда айтишича, фуқаролар тумандаги 21-мактабдаги ҳолатдан норози бўлиб, туман халқ таълими бўлимига бир неча марта мурожаат билан боришган. Аммо ҳалигача бирор ижобий ечим ёки ўрганиш олиб борилмаган.
"Мактабда давомат жуда паст, бир синфдан дарсларда 3-4 нафаргина бола ўтиради, улар ҳам ўқитувчиларнинг фарзандлари. Дарслар яхши ўтилмайди. Ўқитувчилар ўқувчиларга жуда ёмон, сўкиниб муносабатда бўлишади, бу ҳақда видео қилиб олинган далилларимиз ҳам бор. Ходимлар ишга келмай ойлик олади, буни суриштириб ўрганиб ҳам чиқдик. Болаларни олиб кетиш учун талон ҳам бермайди. 3-4 марта туман Халқ таълими бўлимига мурожаат қилдик, умуман фойдаси бўлгани йўқ. Туман ҳокимлигига чиқдик, туман прокуратурасига чиқдик. Ҳеч ким бизга ёрдам бермаяпти, болаларимизни ўйинчоқ қилишяпти", - дейди қишлоқ фуқаролари номидан Лутфулла Умбаров.
Ушбу мурожаат бўйича қўшимча маълумотлар ҳам тақдим этилди. Айни пайтда "darakchi.uz" барча тегишли ташкилотлар билан боғланмоқда. Расмий изоҳ ва муносабатларни тез орада эълон қиламиз.






