Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.И. бошқа бир фуқаро Б.ни Жанубий Корея давлати олий таълим муассасаларининг бирига ўқишга киритиб қўйиш ва ишлаш учун юбориш эвазига 2 000 АҚШ долларини қўлга киритиб, кейинчалик 100 АҚШ долларини қайтариб бериб, қолган 1 900 АҚШ долларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Тўрақўрғон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Т. фуқаро С.ни 3 000 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида Жанубий Корея давлатига ишга юбориш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, шундан 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






