Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар бермоқда.
Президент йиғилиш аввалида бугун Бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қуйидаги 2 та энг муҳим масала бўйича ҳисобот беришини таъкидлаган:
● ҳоким ёрдамчилари 3 ойлик фаолиятининг дастлабки натижалари;
● аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича биринчи чоракда амалга оширилган ишлар.
Йиғилишда қайд этилишича, ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратган.
Булар:
- 11 фоизи — кам даромадли;
- 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
- 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
- 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.
Яъни, янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олдилар.
Бу борада, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди.






