Американинг "Eurasianet" нашри Фарғонадаги 5 нафар болани тарбиялаётган Валиевлар оиласи мисолида етимларни парвариш қилишнинг янги тизими ҳақида мақола чоп этди.
Беш нафар боланинг барчаси Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қарор кучга кирганидан кейин тарқатиб юборилган кўплаб муассасалардан бири бўлган муаммоли Марғилондаги меҳрибонлик уйидан келган. Фарғона шаҳри яқинидаги "Саткак" қишлоғининг маҳаллий аҳолиси янги болалар уйи жойлашган кўчани уларга ғамхўрлик қилаётган оила номи билан «Валиев кўчаси» деб атайди. Мазкур маълумотлар нашрда алоҳида эътироф этилган.
Хориж ОАВси шарҳига кўра, давлат муассасаларидан кичик оилавий болалар уйларига ўтиш узоқ кутилган ва истиқболли қадам бўлиб, эскирган совет тузумидан воз кечишни англатади. Совет Иттифоқи даврида қурилган, ҳар бирида, одатда, юздан ортиқ болалар яшайдиган йирик муассасаларда қашшоқлик, зўравонлик ва қоронғу келажак ҳукм сурган.
Аллақачон тўрт нафар фарзанди бор Валиеванинг уч ўғил ва икки қизни асраб олиш азалий орзуси бўлган.
«Мен узоқ вақт таълим тизимида ишладим, мехрибонлик уйларига тез-тез бориб турардим. Ҳар сафар юрагим эзилиб кетарди. Энди турмуш ўртоғим ва болаларимнинг кўмаги туфайли биз катта оилага айландик», — дейди Валиева «Eurasianet» нашрига берган интервьюсида.
“Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти бу масалани миллий хавфсизлик масаласи деб билиши — Президент Шавкат Мирзиёевнинг Миллий гвардия зиммасига меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни оилаларга ўтказишни назорат қилиш тўғрисидаги қароридан яққол намоён бўлди. Миллий гвардиячилар болаларни тарбиялаш ва ҳаётга мослашиш даврида “маънавий ҳомийлар” бўлишади, деб ваъда қилган эди Мирзиёев ўтган йилнинг июль ойида”, – дейилади мақолада давлат раҳбари ташаббуси эътироф этилиб.
Валиевларга кўра, миллий гвардиячилар етим ва имконияти чекланган болаларни асраб олган уйларни ойига бир марта бориб ўрганади. Бундай оилаларга давлат ҳар ойда ҳар бир бола учун пальто, этик, бир жуфт кроссовка ва мактаб формаси билан бирга 220 доллар ажратади.
Ҳозир мамлакатнинг 12 вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасини ҳисобга олганда, жами 4 та ҳудудда болаларга етти ёшдан вояга етгунга қадар хизмат кўрсатадиган барча меҳрибонлик уйлари тарқатиб юборилган.
Таъкидланишича, БМТнинг болалар ташкилоти ЮНИСЕФ иштиёқ билан деинституционализация тарафдори. ЮНИСЕФ 2021 йили ҳар 100 000 ўзбекистонлик боладан 250 нафари қайсидир шаклда муассаса тарбиясида экани, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп эканини маълум қилади.
Бироқ «реинтеграция жараёни яхши режалаштирилган бўлиши, болалар ва уларнинг оилалари бутун жараён давомида қўллаб-қувватланиши керак», — дейди ЮНИСЕФ Мирзиёевнинг 2021 йилдаги фармонига жавобан.
Нашрда қайд этилишича, Валиевлар уйи Фарғона вилоятидаги 16 та янги меҳрибонлик уйларидан биридир.
Ҳокимликнинг болаларга ғамхўрлик бўйича мутахассиси Хуршида Ҳакимова «Eurasianet»га «Болалар уйларида ҳеч қандай ташвишли ҳодиса қайд этилмагани»ни айтган.
Бу фикрни Марғилондаги меҳрибонлик уйида яшаган, ҳозир Тошкент шаҳрида талаба бўлган Шермуҳаммад Деҳқонов тасдиқлайди. У етим ва боқувчисини йўқотган болалар дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилиш майдони сифатида Telegramда «Меҳрибонлик уйи» каналига асос солган. Каналда 200 га яқин обуначилар, Миллий гвардия вакиллари, болалар психологлари ва давлат болалар уйларининг собиқ резидентлари бор.
«Фарғона вилоятида очилган болалар уйларига тез-тез бориб тураман. Шахсан кўплаб етимларни биламан ва айтишим мумкинки, бу ер улар учун илиқлик бахш этади. Баъзилар аллақачон «онам ва дадам» деган муқаддас сўзларни ўрганган. Давлатнинг бу масалага қаратган эътибори олдинлари бўлмаган», — дейди ота-онаси уч ёшида вафот этган Деҳқонов.
Валиева эса унинг барча тарбияланувчилари Марғилондаги Меҳрибонлик уйида қандайдир жароҳатларни бошдан кечирганини қайд этган. Ҳозир Валиевлар оиласига Меҳрибонлик уйидан келган болалари ўз фарзандлари билан бирга мактабга боради ва бирга уй юмушлари билан шуғулланади.
«Ота-онам мени меҳрибонлик уйига ташлаб кетган ва мен она муҳаббати нима эканини энди тушундим», — дейди 5 нафар боланинг энг каттаси, 13 ёшли Лайло.
Валиеванинг турмуш ўртоғи, IT мутахассиси Набижон Валиевнинг айтишича, тарбиялашнинг дастлабки қийинчиликлари болаларнинг ривожланишини кузатиш қувончидан устун келади. У тўққиз ёшдан ўн бир ёшгача бўлган уч ўғил спортга иштиёқи борлигини айтган.
«Улар терговчи бўлишни хоҳлашади. Бу Миллий гвардиячиларнинг уларда қолдирган катта таассуротлари билан боғлиқ бўлса керак», — дея қўшимча қилган Валиев.






