Аввалроқ Президент раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланганини маълум қилгандик.
Йиғилишда давлат раҳбари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига “қониқарсиз” деб баҳоланган 3 минг 636 нафар маҳаллага шахсан бориш ва муаммоларни ҳал қилиш вазифасини қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, Иқтисодий тараққиёт вазирлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда ушбу маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда, йил якунига қадар:
- 434 та маҳаллада суғориш тизими ва сув таъминотини яхшилаш;
- 715 та маҳаллада сув, йўл, электр, табиий газдан муаммосини ҳал қилиш;
- иқтисодий аҳволи оғир 545 та маҳалладан ҳар 5 тасига банк вакилини бириктириб, “лидер” тадбиркорларни топиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Таъкидланишича, Молия вазирлиги ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорлик кредитлари учун 800 миллиард сўм ажратади.
Ўзбекистон раҳбари мутасаддиларга топшириқ бераркан, бу пуллар билан аниқ натижа кўрсатилиши кераклигини айтди.
“Қанчалик қийин бўлмасин, ушбу маҳаллаларда ишларнинг юриши учун қўшимча маблағларни ажратаяпмиз. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, бириктирилган вакиллар ва ҳоким ёрдамчилари ушбу маблағларнинг ҳар бир сўмидан самарали фойдаланиб, аниқ натижа кўрсатиши керак”,- дейди Президент.






